Зомин дунё мақомчиларини чорлайди
Зомин дунё мақомчиларини чорлайди
Жиззах вилояти Зомин туманида 27-30 июнь кунлари II Халқаро мақом санъати анжумани бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли анжуманда дунёнинг 40 дан зиёд давлатидан иштирокчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, хорижий меҳмонлар келиши кутилмоқда.
Айни кунларда Зомин туманида мазкур фестивалга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Республика Маданият вазирлиги, Туризм қўмитаси ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилаётган ушбу халқаро анжуман Зомин туманидаги “Зоминсой” ҳудудида янгидан барпо этилган амфитеатрда ўтказилиши белгиланган.
Ушбу фестиваль Президентимиз ташаббуси билан илк бор 2018 йилда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган эди. Жорий йилги II Халқаро мақом санъати анжумани тамомила янги шукуҳ ва янгича услубда, юксак бадиий савияда ўтказилади. Шу мақсадда сўлим тоғлар қўйнидаги “Зоминсой” ҳудудида замонавий туристик маскан барпо этилди. Бу ерда тўрт қаватли муҳташам меҳмонхона, йирик саҳна, амфитеатр, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларнинг қўрғон жойлари қурилди.