Жиззахда зиёрат туризми ривожланмоқда
Жиззахда зиёрат туризми ривожланмоқда

Жиззах вилояти туризмнинг барча соҳаларини ўзида мужассамлаштирган мафтункор ҳудудлардан бири ҳисобланади. Жумладан, вилоятдаги Фориш тумани ҳам бир қанча туристик обьектларни ўзида жамлаган бўлиб, унда туризмнинг агротуризм, этнотуризм, сув туризми ва зиёрат туризми ривожланган маскандир.
Фориш тумани Қоратош қишлоғидаги «Хўжа Боғбон ота» зиёратгоҳи ана шулардан биридир. Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг «Мажолис ун нафоис» асарида 700 дан зиёд авлиё ва пири комил улуғлар қаторида Хўжа Боғбон отани хам тилга олгани тарихдан маълум.
“Хўжа Боғбон ота" зиёратгоҳи сўлим табиат бағрида жойлашган бўлиб, бу ерга ташриф буюрувчилар нафақат зиёрат қилиб, муқаддас динимиз амалларини адо этиши, балки ажойиб табиат манзарасидан баҳраманд бўлиб, маънавий ҳордиқ олишлари мумкин.
Зиёратчилар ўтирадиган супадан сал тепароқда Хўжа Боғбон авлиё ота яшаган ғор бор.Ғорга кирадиган йўл борган сари ингичкалашиб, бир одам зўрға сиғадиган йўлак даражасига келади. Ундан ўтиб қоронғу ғор тубида учта кавакка яқинлашасиз. Кавакдақўлига тош илинган одамнинг тилаги амалга ошар экан.
Ғор ҳақида шундай ривоят бор. Айтишларича, Хўжа Боғбон ота авлиё бўлган. Кунларнинг бирида аскарлар таъқибидан қочиб, ғорга кириб бекинади. Оллоҳнинг мўъжизасиниқарангки, у бекинган ғор оғзиқалин ўргимчак тўри билан қопланади. Аскарлар ғор оғзига келиб, агар одам кирганида ўргимчак ини бузиларди, деган ўйда ундан нари кетадилар. Шу-шу авлиё ғорни макон тутади. Чор-атрофда яшайдиган аҳоли билан яхши муносабатда бўлиб, уларга ислом илмидан сабоқберади. Кунларнинг бирида унинг тириклигидан хабар топган яқинлари авлиёни кўргани келишмоқчи бўлишибди. Шунда Хўжа Боғбон ота меҳмонларниқаерда,қандай кутиб олишни билмай ҳайрон бўлиб турганида, унга турли дарахт кўчатлари экиб, гул уруғлариқадаш, булоқларнинг кўзини очиш ҳақидағойибдан имдод келибди. Авлиё айтилганидек қилган экан, бирпасда дарахтлар улканлашиб, атрофни гуллар ифори, булоқсувларининг майин шилдираши тутиб кетибди. Қоратошни ёриб, қизил лолалар очилибди. Шу-шу авлиёга бу ерларнинг боғбони сифатида Хўжа Боғбон ота номи берилибди.




