“Жалолиддин Мангуберди” электропоездининг иккинчи таркиби йўлга чиқади

“Жалолиддин Мангуберди” электропоездининг иккинчи таркиби йўлга чиқади

 

bez-na33434242344323423424zvania.jpeg

 

Юқори тезликда ҳаракатланувчи “Жалолиддин Мангуберди” электропоездининг иккинчи таркиби “Тошкент – Хива – Тошкент” йўналишида мунтазам қатновни бошлайди.

Янги жадвалга кўра, поезд Тошкентдан душанба, чоршанба ва жума кунлари, Хивадан эса сешанба, пайшанба ва шанба кунлари ҳаракатланади.

Поезд Тошкент Марказий вокзалидан соат 07:00 да, Хива вокзалидан эса 07:15 да йўлга чиқади. Йўналиш бўйича сафар вақти 7 соат 36 дақиқани ташкил этади.

Қайд этиш лозимки, Корея Эксимбанки ҳамкорлигида Ўзбекистон учун 6 та “Hyundai Rotem” юқори тезликдаги электропоезди харид қилинмоқда.

Ҳозирга қадар ушбу поездларнинг 3 таси Ўзбекистонга олиб келинган. Биринчи таркиб 2026 йил 5 майдан “Тошкент – Хива – Тошкент” йўналишида йўловчиларга хизмат кўрсатиб келаётган бўлса, энди иккинчи таркиб ҳам ҳаракатга қўшилиб, йўловчилар учун янада кўпроқ ўрин ва қулайлик яратади.

Замонавий электропоездлар ҳаракатга чиқиши нафақат транспорт тизимини такомиллаштириш, балки Ичан-қалъа каби бетакрор тарихий обидаларга бой Хивага сайёҳлар оқимини янада ошириш, мамлакатнинг туристик салоҳиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.