Виждон эркинлиги кафолатланган
Виждон эркинлиги кафолатланган
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга ижтимоий муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда диний маърифатни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳақида ахборот берилди.
Ўзбекистон – ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат. Конституциямизда ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланган Кейинги беш йилда диний-маърифий соҳага оид 3 та қонун, 4 та Президент фармони ва кўплаб қарорлар қабул қилинди. Йиғилишда уларнинг ижроси дин вакилларига хизмат қилаётгани қайд этилди.
Юртимиз мусулмонлари учун шароитларни яхшилаш мақсадида 100 дан ортиқ масжид барпо этилди, 555 таси таъмирланди. Диний ташкилотлар учун бино қурилишига ер ажратиш тартиби жорий қилинди.
Ҳаж квотаси аввалгига қараганда 2 карра оширилди. Кейинги етти йилда 60 мингдан зиёд юртдошимиз ҳаж амалларини бажарди. Умра сафарларини ташкил қилиш қонуний тартибга солинди.
Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси илмий-тадқиқотларга замин бўлмоқда. Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ўрта махсус таълим муассасасида малакали мутахассислар тайёрланаяпти. Шунингдек, 30 минг фуқаро “Қуръони карим ва тажвид” курсларини тамомлади.
Сўнгги йилларда Абу Исо Термизий, Абу Муин Насафий, Султон Увайс Қараний, Сузук ота ёдгорлик мажмуалари обод қилинди. Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва Ислом цивилизацияси марказида бунёдкорлик давом этмоқда. “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 90 та зиёратгоҳ таъмирланиб, ободонлаштирилди.
Ислом маърифатини кенг ёйиш ва тажриба алмашиш мақсадида халқаро алоқалар ҳам кенгайтирилмоқда. Жумладан, бу йил юртимизда “Ислом – эзгулик ва тинчлик дини” ҳамда “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзуларида халқаро илмий-амалий анжуманлар, Бағрикенглик ҳафталиги ўтказилди.