Вэйд Кьюзак: Ўзбекистонда диний ҳаёт тубдан ўзгарган
Вэйд Кьюзак: Ўзбекистонда диний ҳаёт тубдан ўзгарган

Американинг Глобал ҳамкорлик институти эксперти Вэйд Кьюзак Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти экспертлари билан бўлган учрашувда шу фикрни билдирди.
Учрашувда мамлакатимизда дин соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар ва конфессиялараро ислоҳотни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, Вэйд Кьюзак юртимиздаги ташрифига доир ўз таассуротлари билан ҳам ўртоқлашди:
«Мен Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Американинг Глобал ҳамкорлик институти ўртасида тузилган Ўзаро англашув меморандуми доирасида тадқиқот ўтказиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрдим. Бу тадқиқот диний эркинликни тарғиб қилиш ва ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни ривожлантиришнинг сабаб ва оқибатларини аниқлаштириш мақсадида миллатлараро ва мамлакат таҳлилларини бирлаштиради.
Тадқиқот натижасида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида, диний ҳаёт тубдан ўзгарганининг гувоҳи бўлдим. Ислом маърифати тобора ривожланмоқда, конфессиялараро алоқалар мустаҳкамланмоқда, давлат институтлари Тошкентда ва вилоятларда турли учрашувлар ўтказишмоқда, юзага келаётган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳукуматга ҳуқуқ ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича тавсиялар киритиш мақсадида ушбу учрашувларга барча конфессия вакиллари таклиф этилмоқда.
Диний соҳадаги ислоҳотларни муваффақиятли давом эттириш учун диний саводхонлик ва динлараро муносабатларни ўрнатишда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш ҳамда бу тажрибани бутун дунёга тарқатиш керак».
Учрашув якунида В.Кьюзак тадқиқот ўтказиш ва мамлакатимизнинг турли вилоятларида учрашувлар ташкиллаштиришда ёрдам кўрсатгани учун Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкмаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага ўз миннатдорчилигини билдирди”.
Эслатиб ўтамиз, Глобал ҳамкорлик институти 2000 йилда ташкил этилган. Унинг бош штаби АҚШнинг Арлингтон шаҳрида жойлашган. 2018 йилда ушбу Институт ва Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ўртасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди. 2019 йилда мазкур институт делегацияси дин эркинлиги ва динлараро тотувликни таъминлаш масалалари бўйича тажриба алмашиш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюрди.
Делегация таркибидан таниқли руҳонийлар, имомлар, раввинлар, Ҳуқуқ ва динни ўрганиш халқаро маркази экспертлари, Кардифф ва Кентукки университетларининг диншунос олимлари, Хотин-қизлар марказининг етакчи аёллари бор эди. Ташриф давомида “Дин ва қонун устуворлиги” мавзуида халқаро илмий амалий семинар, “Динлар мулоқоти – жамиятда тинчлик ва тотувликни таъминлашнинг муҳим омилидир” мавзуида амалий семинарлар ташкил этилди.
ЎзА




