Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳияти жаҳон миқёсида тан олинмоқда

Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳияти жаҳон миқёсида тан олинмоқда

vykeryekoryryfkpfcua.jpg

Сўнгги йилларда юртимизда туризм соҳасини ривожлантириш, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, тизимдаги муаммоларни ҳал этиш, ҳудудларнинг ишга солинмаган сайёҳлик салоҳиятидан, туризм йўналишларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада юртимизга ташриф буюрувчи хорижий сайёҳлар сони йилдан-йилга ортиб бораётир. Бу борада, айниқса, ички туризм ҳамда зиёрат туризмини ривожлантиришга ҳам устувор аҳамият қаратилмоқда.

 

Ички туризмни ривожлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, дастур ва лойиҳалар, мамлакатда яратилган шарт-шароитлар ва ҳудудларнинг туризм салоҳияти тарғиботи, ўз навбатида, ички сайёҳлар оқимига ҳам ижобий таъсир кўрсатяпти. Маълумотларга кўра, 2016 йилда 8,8 миллион юртдошимиз мамлакатимиз бўйлаб саёҳат қилган бўлса, 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига маҳаллий ташрифлар сони 14,7 миллионга етди. Ички сайёҳларнинг йиллик ўсиши ўртача 18 фоизни ташкил қилган. 2020 йил давомида пандемия сабаб Ўзбекистонда 1,8 миллион маҳаллий туристлар ташрифи ташкил этилди. Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, республика бўйича жами 1 миллион 600 минг маҳаллий аҳолининг юртимиз бўйлаб сайёҳати ташкил қилинди.

 

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида соҳада қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда, – дейди Туризм ва спорт вазирлиги Йиғма-ахборот таҳлил ва стратегик ривожланиш бошқармаси бошлиғи Иброҳим Барноев. – 2021 йилда мамлакатимизда ички туризмни рағбатлантириш учун авиа ва темирйўл чипталарига 40 фоизгача субсидиялаш ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан 15 фоизгача чегирмалар ташкил этилган. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури жадаллаштирилиб, “Ички туризм ойлиги” “Ички туризм ҳафталиги” ҳамда “Ички туризм кунлари” эълон қилинди.

 

Жорий йилда республика ҳудудлари бўйлаб жами 7,5 миллион маҳаллий сайёҳнинг саёҳатларини ташкил этиш режалаштирилган. Бунда 1 875,0 миллиард сўм туризм хизматларини кўрсатиш ҳамда туризм соҳасидаги 35 минг иш ўрнини қайта тиклаш белгиланган. Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, республика бўйича жами 706 минг, 1 июнь ҳолатига кўра эса 1 миллион 600 минг маҳаллий аҳолининг юртимиз бўйлаб сайёҳати ташкил қилинди. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, ҳудудларда ташкил этилаётган турли катта-кичик фестиваллар, форум ва сайллар, спорт мусобақалари, катта конференциялар доирасида ҳам ички туризм кўрсаткичлари ортиб бормоқда.

 

Дарҳақиқат, ички туризмнинг янада равнақ топиши юртимиз аҳолисининг сайёҳлик салоҳиятини ошириб, дунёнинг машҳур туристик манзилларидан кам бўлмаган диққатга сазовор масканларимиз гўзаллигидан, тарихий обидаларимизнинг кўрку тароватидан баҳраманд бўлиш имконини кенгайтиради.

 

Ички ва ташқи туризм таркибида муҳим йўналишлардан бири бўлган зиёрат туризми ҳам кенгайиб, одамларнинг ушбу йўналишдаги қизиқишлари ортиб бораётгани эътиборга молик. Туризм ва спорт вазирлигининг маълумотларига кўра, 2018 йилда қўшни ва МДҲ давлатларидан ташқари, узоқ хориж давлатларидан 325 мингдан ортиқ сайёҳ мамлакатимиз бўйлаб саёҳат қилган бўлса, уларнинг 35 фоизи, яъни 115 мингдан ортиғи мусулмон сайёҳлар ҳиссасига тўғри келади. 2019 йилда эса мусулмон сайёҳлар хориж мамлакатларидан келган жами сайёҳлар сонига нисбатан 34 фоизни ташкил қилган. Ушбу кўрсаткич 2020 йилда 49 минг 787 нафар (59 фоиз)ни ташкил қилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, 2021 йил 1 мартдан бошлаб Баҳрайн Қироллиги, Қатар, Қувайт давлатлари, Уммон Султонлиги фуқаролари 10 кунгача визасиз режим тизими орқали юртимизда саёҳат қилиш имкониятига эга бўлишди. Бу ҳам, ўз навбатида, зиёрат туризми ривожида муҳим аҳамият касб этади.

 

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳияти жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам тан олинмоқда. 2007 йилда Тошкент шаҳри, 2020 йилда эса Бухоро шаҳри Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) томонидан “Ислом олами маданияти пойтахти” деб эълон қилинди. 2019 йилнинг 21-23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган I халқаро зиёрат туризми форумида Ўзбекистонни зиёрат туризми марказларидан бири сифатида эътироф этиш тўғрисида Бухоро декларацияси қабул қилинди.

 

Mastercard ва CrescentRating ташкилотлари томонидан тузилган “Жаҳон мусулмон саёҳати индекси 2019” халқаро рейтингига кўра, Ўзбекистон дунёда мусулмон сайёҳларни жалб қилаётган мамлакатларнинг йигирматалигига кирди. Шу билан бирга, мамлакатимиз “Halal Travel Frontier 2020” ҳисоботида исломий меросни қайта тиклаш орқали мусулмонлар туризми бозорида янги трендга асос солган мамлакат сифатида эътироф этилди.

 

2021 йилнинг 10 апрель куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган норасмий саммитида Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиёдаги муқаддас қадамжолар бўйлаб “Табаррук зиёрат” лойиҳасини амалга ошириш, шу мақсадда Зиёрат туризмини ривожлантириш дастурини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг мусулмон мамлакатлари орасида оммалашиши ва зиёрат туризмининг асосий ташриф масканига айланишига олиб келади.

 

ЎзА