Ўзбекистоннинг янги чақириғи: бино эмас, ғоя бунёд этилди
Ўзбекистоннинг янги чақириғи: бино эмас, ғоя бунёд этилди

Ҳар бир халқ ўз бугуни ва келажагини қуришдан олдин ўтмишини англашга ҳаракат қилади. Аммо тарихни билишнинг ўзи етарли эмас. Уни тўғри талқин қилиш, унинг маъносини замондошлар ва келажак авлодларга муносиб етказиш ҳам муҳимдир.
Зеро тарих фақат кечаги кун ҳақидаги ҳикоя эмас. У миллатнинг ўзини қандай кўриши, дунёга ўзини қандай танитиши ва эртанги кунни қандай тасаввур қилиши ҳақидаги ҳикоядир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон айнан шундай муҳим вазифани ўз олдига қўйди. Мамлакат нафақат иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар йўлидан бормоқда, балки ўзининг цивилизацион қиёфасини ҳам қайта кашф этмоқда. Бу жараённинг марказида эса Тошкентда қад ростлаган Ислом цивилизацияси маркази турибди.
Бир қарашда у шунчаки йирик музей ёки маданий мажмуа бўлиб кўриниши мумкин. Аммо аслида у бундан анча каттароқ маънони англатади. У Ўзбекистоннинг ўз тарихи ҳақида дунёга айтаётган янги ҳикоясидир.

Нью-Йоркда айтилиб, Тошкентда амалга ошган ғоя
2017 йилда БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан нутқ сўзлаган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев муҳим ғояни илгари суриб, ислом динининг асл моҳияти илм-маърифат, бағрикенглик ва инсонпарварлик эканини таъкидлади. Бу оддий дипломатик баёнот эмас.
Дунёда ислом ҳақидаги баҳслар кўпинча терроризм, радикализм ва хавфсизлик мавзулари атрофида кечаётган бир пайтда Ўзбекистон мутлақо ўзгача нуқтаи назарни таклиф қилди.
Ўзбекистон Президентининг асосий ғояси шундан иборат эдики, дунё аҳли исломни экстремистлар тимсолида эмас, балки Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино ва Улуғбек Мирзо каби алломалар орқали англаши керак. Чунки мазкур буюк шахслар инсоният тараққиётига улкан ҳисса қўшган, илм ва маърифатни ҳаёт мазмунига айлантирган буюк шахслар эди.
Вақт ўтиб, бу чақириқ амалдаги лойиҳага айланди. Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан қад кўтарган Ислом цивилизацияси маркази ана шу ғоянинг, айтиш мумкинки, дунё аҳлига берилган ваъданинг ижобати ва ифодаси бўлди.
Бино эмас, ғоя қурилди
Тарихда кўплаб давлатлар улкан бинолар қурган. Саройлар, қасрлар, ҳайкаллар барпо этган. Амир Темур ибораси билан айтганда, “Бизнинг қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурдирган иморатларга боқинг”, дейишган. Ҳар қандай иншоотнинг ҳақиқий қиймати унинг ҳажмида эмас, маъносидадир.
Ислом цивилизацияси марказининг ўзига хослиги ҳам айнан шунда. Бу ерда асосий эътибор нафақат ўтмиш ва замонавий технологияларни уйғунлаштира олган меъморчилик ечимларига, балки бой мазмунга ҳам қаратилган.


Марказ экспозицияларига юзлаб нодир қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар ва артефактлар жамланди. Улар орасида турли мамлакатлардан қайтарилган ноёб мерос намуналари ҳам бор.
Сўнгги йилларда бутун дунё бўйлаб олиб борилган изланишлар натижасида бир неча минглаб тарихий экспонатлар йиғилди. Аукционларда сотиб олинди, халқаро ҳамкорлик орқали қайтарилди, реставрация қилинди. Бу жараённи фақат коллекция тўплаш деб баҳолаб бўлмайди. Бу — миллатнинг тарқалиб кетган хотирасини қайта йиғиш жараёнидир.
Ислом ва илм ўртасидаги унутилган кўприк
Сўнгги асрларда дунёда шундай тасаввур шакллангандики, гўё илм-фан тараққиёти Ғарб цивилизациясининг мутлақ маҳсулидир. Аммо Европадаги илмий инқилобнинг илдизлари Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Марв каби шаҳарларга бориб тақалади. Алгебра, тригонометрия, астрономия, тиббиёт, география ва фалсафа соҳаларидаги кўплаб кашфиётлар мусулмон олимлари меҳнати билан ривожланган. Айни шу олимлар ҳозирги улкан илмий ва технологик ютуқларга тамал тоши қўйишган. Бу олимлар учун илм ва дин бир-бирига қарши тушунчалар эмасди. Аксинча, илм Яратганни англашнинг йўлларидан бири ҳисобланган.
Шу маънода Ислом цивилизацияси маркази фақат Ўзбекистон тарихини эмас, балки инсониятнинг умумий интеллектуал меросини намоён этади. Бу ерда ташриф буюрган одам фақат экспонатларни эмас, балки бир тарихий ҳақиқатни кўради: цивилизациялар тараққиёти бир-бири билан узвий боғлиқ, уларни айро ҳолда тасаввур қилиш, бирини иккинчисига қарши қўйиб бўлмайди.
Илм дипломатияси
Замонавий дунёда давлатлар таъсир кучини фақат иқтисодий ёки ҳарбий салоҳият белгиламайди. Маданият, илм ва ғоялар ҳам катта кучга айланмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистоннинг янги маданий дипломатияси намунасидир.

Яқин кунларда бўлиб ўтадиган «Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли» мавзусидаги I Халқаро ислом форуми ҳам шу жараённинг мантиқий давомидир. Қирқдан ортиқ мамлакатнинг 300 га яқин олимларини ягона мақсад атрофида бирлаштириш осон вазифа эмас. Бу нафақат илмий ҳамкорлик, балки ишонч муҳитини яратиш демакдир.
Бугун геосиёсий зиддиятлар кучайиб бораётган бир шароитда тарих ва илм давлатлар ўртасидаги мулоқот тилига айланмоқда. Ўзбекистон эса айнан шу “тил” орқали ўз нуфузини мустаҳкамламоқда.
Дунё эътироф этаётган лойиҳа
Марказнинг аҳамиятини фақат мамлакат ичидаги муносабат билан ўлчаб бўлмайди. Унинг фаолияти халқаро академик доиралар, илмий ташкилотлар ва маданий институтлар томонидан юқори баҳоланмоқда.
Бугун Ислом цивилизацияси маркази атрофида турли мамлакатлар архивлари, музейлари, университетлари ва тадқиқот марказлари ҳамкорлик қилмоқда. Бу ҳолат Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги янги қиёфасини намоён этади.
Мамлакат энди фақат тарихий мерос эгаси сифатида эмас, балки ушбу меросни ўрганиш, сақлаш ва дунёга тақдим этиш маркази сифатида ҳам намоён бўлмоқда.
Асосий савол
Нима учун бу лойиҳа муҳим?
Жавоб оддий. Ҳар бир миллат ўзини қандай тақдим эта олишига қараб қабул қилинади.
Ўзбекистон бугун дунёга шундай демоқда: биз фақат қадимий обидалар мамлакати эмасмиз. Биз буюк олимлар етиштирган заминмиз. Биз илм ва маърифат анъаналари шаклланган ҳудудмиз. Биз цивилизациялар мулоқоти маркази бўлганмиз ва яна шундай марказга айланмоқдамиз. Ислом тамаддуни маркази бизда шаклланган ва биз шу тамаддун марказимиз!
Ислом цивилизацияси маркази айнан шу ҳикояни сўзлаб бермоқда. Бу Ўзбекистоннинг янги ҳикоясидир. Бу ўтмишни қайта ёзиш эмас, балки унинг ҳақиқий маъносини қайта кашф этишдир. Эҳтимол, Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказининг энг катта ютуғи ҳам шундадир.
Шу маънода ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон давлат раҳбари шунчаки бино қурмади. У буюк ўтмишимиз хотирасини қурди. У музей яратмади. У миллат ҳақидаги тасаввурни бойитди.
Ва энг муҳими, Шавкат Мирзиёев БМТ минбаридан илгари сурган ғояни амалда исботлади: ислом — илм, маърифат ва тараққиёт цивилизациясидир. Ўзбекистон эса бу буюк мероснинг муносиб вориси бўлиб, уни яна инсоният хизматига қайтармоқда.
Абулфайз Сайидасқаров