“Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази – маърифат ва зиё маскани” мавзусидаги пресс тур

“Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази – маърифат ва зиё маскани” мавзусидаги пресс тур

 379a9323novyj-razmer.jpg

2 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ОАВ вакиллари, нодавлат телеканаллар мухбирлари ҳамда журналистлар учун Ҳазрати Имом даҳасида барпо этилаётган Марказ биноси қурилиш майдончасида  пресс тур ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуслари билан 2017 йил 23 июндаги ПҚ - 3080 - сонли қарор асосида ташкил этилган.

Мазкур қарор асосида Тошкент шаҳрининг қадимий даҳаларидан бири Ҳазрати Имом даҳасида тўққиз гектар жойда Марказ биносига тамал тоши қўйилди. Ушбу Марказ қурилиши замонавий меъморий ечимлар асосида ҳамда шарқ анъаналари билан уйғун тарзда амалга оширилмоқда.

Шунинг билан бирга мазкур қарор билан Марказнинг асосий вазифалари ҳам белгилаб берилди.

 Жумладан, Ўзбекистон замини асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепцияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ислом дини ва жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимиз беназир меросини илмий асосда чуқур тадқиқ этиш, уларнинг илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатларини кенг тарғиб қилиш, Марказ таркибидаги кутубхона, музей ва қўлёзмалар фондларини юртимиздан етишиб чиққан аллома ва мутафаккирлар ҳаёти ҳамда улар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир қадимий манбалар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори атиқалар билан бойитиш каби муҳим йўналишлар белгилаб берилган.

Марказ жамоаси мазкур топшириқлар ижросини  самарали амалга ошириш ҳамда Марказ илмий концепциясини изчил амалиётга тадбиқ этиш борасида  мунтазам фаолият олиб боришмоқда. 

Франциянинг “Вильмотт” ва “Авеста групп” компаниялари лойиҳачилари ва ўзбекистонлик олимлар томонидан тайёрланган дизайн асосида “Илм-фан” бўлимининг намунавий экспозиция шаклидаги ҳақиқий кўриниши Марказ биносидаги 225 кв.м.дан иборат ҳудудида ташкил этилди.

Марказ музейининг 9 та бўлими экспозициясини шакллантириш бўйича жами 312 та экспонат, 20 та интерактив ўйин, 74 та видео ва 30 та маълумот базаси рўйхати шакллантирилди.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш жоиз, Марказ фаолияти Ўзбекистон  Республкаси Президентининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Давлат раҳбари томонидан унинг фаолиятини янада такомиллаштириш ва унинг олдига янги вазифалар белгилаш борасида яна бир қатор қарорлар қабул қилинди.

2021 йил 16 июлда “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5186-сонли Қарори қабул қилинди.

Қарор билан тасдиқланган “Жаҳон илм-фани тараққиёти ва цивилизациясига ҳисса қўшган аждодлар илмий меросини тадқиқ қилиш ҳамда янги юксалиш давридаги ютуқларни тарғиб қилиш бўйича “Йўл харитаси”даги 38 банддан 7 таси белгиланган муддатларда тўлиқ бажарилган, қолган бандларнинг ижроси давом этмоқда.

Шунингдек, Қарор доирасида Марказ ҳузурида Самарқанд қоғози, муқовасозлик ва хаттотликнинг қадимий анъаналарини тиклаш бўйича устахона-лабораторияни ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.

Ушбу йўналишдаги ишлар тизимли давом эттирилмоқда.

2022 йил 10 февралдаги  ПҚ – 126 – сонли “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарор эса Марказ фаолиятидаги энг устувор йўналиш – қадимий қўлёзма ва тошбосма асарларни муносиб сақлаш, уларни реставрация қилиш, уларнинг Давлат реестрини тузиш ҳамда улар  устида илмий тадқиқотларни кучайтириш каби муҳим вазифаларни белгилаб берганлиги билан аҳамиятлидир.

Қарорга мувофиқ эндиликда жамоатчилик учун очиқ бўлган қадимий ёзма манбалар давлат реестри ташкил этилиб, давлат тасарруфидаги музейлар, кутубхоналар ва архив фондлари фаолиятига интеграция қилинади. Ислом цивилизацияси маркази давлат реестрини шакллантириш ва юритиш, шунингдек, қадимий ёзма манбаларни босқичма-босқич рақамлаштириш учун масъул давлат муассасаси этиб белгиланди ва амалдаги штат бирликлари доирасида давлат реестрини юритиш учун масъул бўлган ўнта ходимдан иборат бўлган бўлим ташкил этилмоқда.  

Республикамизда қаерда сақланишидан қатъий назар, барча қўлёзмалар ана шу  реестрга киритилади ва реестр ана шу қўлёзмаларнинг ҳусусиятини, мазмунини ўзида қисқача акс эттирган ҳужжат бўлади. Қаерда сақланиши, мавзусига мувофиқ равишда, йилига, хронологиясига амал қилган ҳолда  махсус коллекция шаклидаги каталоглар тузилади, уларнинг электрон нусхалари олинади ва улар барча илмий-тадқиқот институтлари электрон ресурсларига жойлаштирилади.

Ҳужжат асосида Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида қадимий ёзма манбаларни консервация ва реставрация қилиш лабораторияси ташкил этилмоқда. Шуни қайд этиш жоизки, лабораторияни ташкил этиш ва фуқаролик ҳуқуқи асосида жалб қилинадиган уста-мутахассисларга гонорар тўлаш билан боғлиқ харажатлар  Ислом цивилизацияси марказини ривожлантириш жамғармаси, Ҳалқаро молия институтларининг техник кўмак маблағлари  ҳисобидан амалга оширилади.

Лабораторияни салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш мақсадида Қарор билан  2022-2023-ўқув йилидан бошлаб Камолиддин Беҳзод номидаги  Миллий рассомлик ва дизайн институтида  қадимий ёзма манбалар  консервацияси ва реставрацияси таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Қарорнинг яна бир аҳамиятли жиҳати, эндиликда интернет тармоғида юртимиз алломалари ва мутафаккиларининг ҳаёти ва фаолияти, илмий мероси ҳақидаги илмий- маърифий портал ва унинг мобил иловаси  тайёрланиб, ишга туширилади.

Қўлёзмаларни сақлаш ва тадқиқ этиш билан шуғулланувчи илмий ҳодимларнинг  ва реставраторларнинг  ҳар йили нуфузли хорижий музей ва лабораторияларда, архив фондларда малака ва  тажриба ошириши йўлга қўйилади.

Қарорда, шунингдек, хорижий мамлакатларга илмий экспедициялар уюштириш орқали юртимиз алломалари ва мутафаккирлари ижодига мансуб бўлган қадимий қўлёзма манбаларнинг каталоглари ва электрон нусхаларини аниқлаб, Марказ фондига олиб келиш, таржима қилиш ва илмий муомалага киритиш билан боғлиқ вазифалар белгилаб берилган.

379a9365novyj-razmer.jpg379a9398novyj-razmer.jpg

379a9360novyj-razmer.jpg

379a9344novyj-razmer.jpg

379a9336novyj-razmer.jpg

379a9337novyj-razmer.jpg

379a9359novyj-razmer.jpg

379a9338novyj-razmer.jpg

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизаацияси маркази

Матбуот хизмати