Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Хитой миллий музейи билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Хитой миллий музейи билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Хитой Халқ Республикасига амалга оширилаётган хизмат сафари доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация Хитой миллий музейи директори ўринбосари Динг Пэнгбо билан учрашув ўтказди.
Учрашув аввалида Хитой томони Ўзбекистон делегациясининг мамлакат ҳақидаги дастлабки таассуротлари билан қизиқди.
Фирдавс Абдухолиқов кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар мутлақо янги босқичга кўтарилганини таъкидлаб, икки мамлакатни азалдан мустаҳкам цивилизацион ришталар боғлаб келганини қайд этди.
— Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг бош мақсади халқимиз яратган буюк цивилизациялар, уларнинг жаҳон тараққиётига қўшган ҳиссаси ва бой илмий-маънавий меросини бутун дунёга намойиш этишдан иборат. Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари асосида экспозицияларда нафақат ислом цивилизацияси, балки исломгача бўлган Сўғд, Бақтрия, Чоч ва Хоразм каби қадимги цивилизациялар ҳам муносиб ўрин олган, — деди Фирдавс Абдухолиқов.
Марказ директори, шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги маданий алоқалар бир неча минг йиллик тарихга эга эканини, Буюк ипак йўли халқлар ўртасидаги илм-фан ва маданият алмашинувида муҳим ўрин тутганини таъкидлади. Хусусан, Фарғона отлари қадимдан Хитойда юксак қадрлангани икки халқ ўртасидаги тарихий яқинликнинг ёрқин намунаси эканини қайд этди.
Мулоқотда Хитой миллий музейи фаолияти ҳақида ҳам маълумот берилди.
— Хитойда ҳар йили музейларга 600 миллионга яқин киши ташриф буюради. Уларнинг 65 фоизини 35 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Биз музейларга ёшларни жалб қилишни устувор вазифа деб биламиз. Шу мақсадда таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатганмиз, музей экспонатлари мактаб ва олий таълим муассасалари дарсликларида ҳам акс эттирилади, — деди Динг Пэнгбо.
Унинг таъкидлашича, музейда мунтазам кўргазмалар ташкил этилади, ёш тадқиқотчилар учун илмий изланишлар олиб бориш имкониятлари яратилган. Шунингдек, ташриф буюрувчилар ўзларини эркин ва қулай ҳис қилишлари учун барча зарур шарт-шароитлар таъминланган.
Учрашувда музейшунослик соҳасида тажриба алмашиш, қўшма кўргазмалар ташкил этиш, артефактлар нусхаларини ўзаро алмашиш, ёш олимлар ва музей мутахассисларининг малакасини ошириш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
— Биз ҳамкорлигимизни аниқ амалий лойиҳалар билан бойитишимиз керак. Артефактлар нусхаларини алмашиш, қўшма кўргазмалар ташкил этиш ва ёш музейшуносларнинг малакасини ошириш икки томон учун ҳам манфаатли бўлади. Бу ҳамкорлик Президентларимиз Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин раҳбарлигида тобора мустаҳкамланиб бораётган Ўзбекистон–Хитой муносабатларига муносиб ҳисса қўшади. Шу муносабат билан сизларни Ўзбекистонга ташриф буюриб, Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ва экспозициялари билан яқиндан танишишга таклиф қиламиз, — деди Марказ директори.
Динг Пэнгбо таклиф учун миннатдорлик билдириб, икки музей ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини қайд этди.
Шундан сўнг Ўзбекистон делегацияси Хитой миллий музейи экспозициялари билан танишди. Делегация аъзолари қадимги Хитой цивилизациясидан тортиб бугунги кунгача бўлган тарихий тараққиётни акс эттирувчи ноёб экспонатларни кўздан кечириб, музей экспозицияларини юқори баҳоладилар.









