“Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази Европа музейлари билан беллаша олади"
“Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази Европа музейлари билан беллаша олади"
Германиянинг ривожланаётган мамлакатларда ҳаёт сифатини ошириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган нуфузли ташкилот — “Deutsche Gesellschaft für Internationale Zusammenarbeit” (GIZ) делегацияси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Ташриф давомида Марказ мутасаддилари томонидан меҳмонларга экспозициялар илмий асослари, уларни яратишдаги концептуал ёндашув ва замонавий мультимедиа технологияларининг ўрни ҳақида батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, ноёб қўлёзмалар, тарихий артефактлар ва рақамли технологиялар уйғунлаштирилган Марказ нафақат музей, балки илмий-тадқиқот, маърифий ва халқаро мулоқот майдони сифатида ҳам фаолият юритади.
“Исломдан аввалги давр” бўлимидаги археологик топилмалар, қадимий шаҳар маданиятига оид материаллар ҳамда иммерсив хона делегация аъзоларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Визуал ва овозли эффектлар орқали яратилган муҳит меҳмонларга тарихий жараёнларни чуқур ҳис қилиш имконини берди.
Биринчи ва Иккинчи Ренессанс бўлимларида буюк алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси интерактив форматда тақдим этилгани, сунъий интеллект асосида яратилган визуал материаллар тарихий сиймолар образини жонли ва таъсирчан тарзда намоён этгани алоҳида эътироф этилди.
Мадина Ишмурадова, GIZ маслаҳатчиси:
— Бу марказ ҳақида кўп эшитганман, аммо кўрганларим кутганимдан ҳам юқори бўлди. Инновацион ёндашув ва эстетик муҳит мени ҳайратга солди. Ҳар бир Ренессанс бўлими ўзига хос мазмунга эга. Бу марказни Берлиндаги “Dark Matter Berlin” билан таққослар эдим — у ерда ёруғлик ва мусиқа орқали таъсирчан муҳит яратилган. Бу ерда ҳам замонавий технологиялар орқали шундай кучли таассурот уйғотилган.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (IHTT)нинг тартибга солиш сиёсати бўйича бўлим бошлиғи ўринбосари Даниел Трнка эса Марказдаги сунъий интеллект технологияларига алоҳида тўхталди:
— Тарих ва замонавий технологияларнинг бундай уйғунлашуви жуда таъсирли. AI асосида яратилган видеолар орқали тарихий шахсларни деярли жонлидек кўриш мумкин. Бу ерга албатта оилам билан яна келмоқчиман.
Интерактив қисмлар ёшлар учун айниқса қизиқарли. Париждаги “Arab World Institute” билан солиштирганда, бу Марказ замонавийлиги ва кўлами жиҳатидан анча таъсирчан.
Ташриф якунида делегация аъзолари Марказ фаолиятини юқори баҳолаб, маънавий қадриятларни замонавий талқинда намоён этадиган ноёб маскан сифатида эътироф этди.







