Ўзбекистонда уйлар қимматлашди
Ўзбекистонда уйлар қимматлашди
Ўзбекистонда уй-жой нархлари ошишда давом этмоқда. Январь ойида иккиламчи бозорда уйлар ўртача 0,9 фоизга қимматлашди. Нархлардаги юқори ўсиш Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида кузатилган. Энг қиммат уйлар ҳамон Тошкентда сотилмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилига кўра, 2026 йил январда республика бўйича 28,6 мингта уй-жой олди-сотди қилинган. Бу бир йил аввалгидан 12 фоизга кўп.
Кўчмас мулк бозорининг қарийб учдан бир қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келмоқда. Январда пойтахтда уй сотувлари 33,4 фоизга ошган. Сотувлар Самарқанд (26 фоиз) ва Сирдарё (24 фоиз) вилоятларида ҳам сезиларли кўпайган.
Январда республика бўйича иккиламчи бозордаги уйлар нархи (1 м² учун) ўртача 0,9 фоизга кўтарилган. Бу 2025 йил январидаги қийматдан 8 фоизга юқори. Уйлар нархидаги энг тез ўсиш Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида кузатилган — 24 фоиз. Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида ҳам нархлар сезиларли кўтарилган — 16 фоиз.
Энг қиммат уйлар Тошкент шаҳрида сотилмоқда. Январь ойида пойтахтда иккиламчи бозордаги уйларнинг 1 м² нархи ўртача 1 120 долларни ташкил этган. Қиймат бир ойда 0,6 фоизга, бир йил давомида 2 фоизга ошган. Бирламчи уйлар нархи ўтган йил январига нисбатан 9 фоиздан кўпроқ қимматлашган.
Нархлар бўйича кейинги ўринларни қуйидаги ҳудудлар эгаллаган:
-
Самарқанд вилоятида — 1 м² учун ўртача 833 доллар;
-
Тошкент вилоятида — 667 доллар;
-
Навоий вилоятида — 652 доллар;
-
Бухоро вилоятида — 600 доллар.
Энг арзон уйлар Қорақалпоғистон Республикасида сотилган — 1 м² ўртача 379 доллар. Бу нарх Тошкент шаҳридагига қараганда қарийб уч бараварга паст. Қолган ҳудудлардаги нархлар қуйидагича:
-
Андижон вилояти — 594 доллар;
-
Наманган вилояти — 583 доллар;
-
Сурхондарё вилояти — 549 доллар;
-
Хоразм вилояти — 495 доллар;
-
Сирдарё вилояти — 476 доллар;
-
Фарғона вилояти — 476 доллар;
-
Жиззах вилояти — 471 доллар;
-
Қашқадарё вилояти — 457 доллар.




