Ўзбекистонда шу йилда 13 та ГЭС ишга туширилади
Ўзбекистонда шу йилда 13 та ГЭС ишга туширилади

Шавкат Мирзиёев гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, 2026 йилда 13 та гидроэлектр станцияни фойдаланишга топшириш режалаштирилган.Уларнинг умумий қуввати 114 мегаватт, йиллик электр ишлаб чиқариш ҳажми 537 миллион киловатт соатни ташкил этади. Мазкур лойиҳалар доирасида 254 та янги иш ўрни яратилади. Бундан ташқари, Бўстонлиқ туманида 28 миллион долларлик грант маблағлари ҳисобидан қуввати 20 мегаватт бўлган шамол электр станцияси қурилмоқда.
Тақдимотда йирик лойиҳалардан бири сифатида Бўстонлиқ туманидаги Юқори Пском ГЭС қурилиши алоҳида қайд этилди. Қиймати 365 миллион долларга тенг мазкур лойиҳанинг қуввати 160 мегаватт, йиллик электр ишлаб чиқариш ҳажми эса 484 миллион киловатт соатни ташкил этади. Бу 161 мингта хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконини беради. Лойиҳада маҳаллий компонентлар улуши 82 фоиз бўлиши кўзда тутилган.
Фарғона вилояти Сўх туманида “миллий лойиҳа” тамойили асосида Сўх ГЭСни қуриш режалаштирилган. Қуввати 15 мегаватт бўладиган ушбу станция йилига 50 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқаради ва тумандаги электр эҳтиёжининг 71 фоизини барқарор таъминлашга хизмат қилади.