Ўзбекистонда 4.6 млн тонна пахта ҳирмони қад ростлади
Ўзбекистонда 4.6 млн тонна пахта ҳирмони қад ростлади

22 октябрь ҳолатига кўра, мамлакатимизда 4 миллион 630 минг тонна пахта ҳосили йиғиб олинди. Терим режаси 103 фоизга бажарилди.
2026 йилги пахта йиғим-терими мавсумида мамлакатимиз деҳқонлари салмоқли натижага эришди. Одатда мавсумнинг якуний босқичида қайд этиладиган юқори кўрсаткичга октябрь ойининг иккинчи ярмидаёқ эришилгани пахтачилик соҳасидаги муҳим натижалардан бири бўлди.
22 октябрь ҳолатига кўра, республика бўйича 4 миллион 630 минг тонна пахта хомашёси йиғиб олинди. Бу белгиланган режанинг 103 фоизини ташкил этади. Мазкур натижа фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластерлари, механизаторлар ва мавсумда иштирок этаётган минглаб меҳнаткашларнинг саъй-ҳаракатлари самарасидир.
Пахта теримида замонавий техникалардан фойдаланиш ҳажми ҳам юқори бўлмоқда. Ҳозирга қадар 3 миллион 515 минг 597 тонна пахта терим машиналари ёрдамида йиғиб олинган. Бунинг учун қарийб 3 мингта замонавий пахта териш машинаси жалб этилди.
Республика бўйича пахта теримини механизациялаштириш даражаси ўртача 76 фоизни ташкил этди. Ҳудудлар кесимида эса Жиззах вилоятида бу кўрсаткич 98,5 фоизга, Сирдарё вилоятида 94,2 фоизга, Тошкент вилоятида 81,2 фоизга етди. Умуман, вилоятларда механизациялаштириш даражаси 61 фоиздан 98,5 фоизгача бўлди.