Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги маданий алоқалар

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги маданий алоқалар

 

aaporayrypr.jpg 

 

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатлари қаторида Озарбайжондаги бир қанча музей, кутубхона ва илмий марказлар билан ҳамкорлик қилиб келади. Мазкур жамият томонидан ҳар йили мунтазам ўтказиб келинаётган конгресс ва анжуманларда Озарбайжон олимлари фаол иштирок этмоқда.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги маданий алоқалар узоқ тарихга эга. Яқинда икки мамлакат олимлари иштирокида “Ўзбекистон маданий мероси” туркумидан Озарбайжонда сақланаётган маданий меросимиз намуналарига бағишланган янги жилд нашр қилинди. Мазкур китоб-альбомда Муҳаммад Фузулий номидаги Қўлёзмалар институти, Озарбайжон тарихи музейи, Тасвирий санъат музейи, Миллий гилам музейи сингари муассасаларда сақланаётган, Ўзбекистонга оид бўлган осори-атиқалар ҳақида ҳикоя қилинади. Жамиятнинг Шаҳноза Ғаниева бошчилигидаги мультимедиа гуруҳи ҳамда Кинематография агентлиги ҳамкорлигида Озарбайжонда сақланаётган маданий меросимиз намуналари ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинмоқда.

Ўзбекистон фани ва маданияти кунлари доирасида Озарбайжон Миллий фанлар академиясининг Муҳаммад Фузулий номидаги Қўлёзмалар институтида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ташаббуси билан “Ўзбекистон – Озарбайжон: маданиятлар мулоқоти” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда ҳар икки мамлакатнинг қатор олимлари ва мутахассислари, тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари таклиф этилди.

Ушбу институтда Ўзбекистон замини билан боғлиқ қўлёзмалар кўп. Жумладан, Имом ал-Бухорий, Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросига мансуб ўнлаб қўлёзмаларни санаб ўтиш мумкин. Туркий дунёнинг бу буюк сиймолари Озарбайжон халқи учун ҳам ниҳоятда қадрли. Институт директори, жамиятимиз аъзоси Теймур Каримли ушбу институтда ўзбекистонлик олимлар келиб, тегишли қўлёзмаларни ўрганиш учун барча шароит яратилишини билдирди.