Ўзбек тили изоҳли луғатининг 5 томли янги нашри
Ўзбек тили изоҳли луғатининг 5 томли янги нашри

Ўзбекистонда 1989 йил 21 октябрда эл-юртимиз асрлар давомида орзу қилиб, интилиб ва курашиб келган давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши мамлакат суверенитети ва мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди. Айнан ана шу тарихий ҳужжатга биноан ўзбек тили мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди.
Истиқлол йилларида она тилимиз том маънода давлат тилига айланиб, халқимизни юртимизда эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди.
Бугун Ўзбекистонимиз “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган бош тамойил асосида тараққиётнинг янги, янада юксак босқичига кўтарилмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бормоқда.
Ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграмоқда. Хорижий мамлакатларда тилимизга эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш кучаймоқда.Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигига 30 йилдан ошди. Бу давр ичида тилимиз нуфузини ошириш, адабий тил меъёрларини кенг тарғиб қилиш, иш юритиш, барча соҳа ва тармоқларда тил қоидаларига тўлиқ амал қилиш бўйича кўп ишлар қилинди ва бу йўналишдаги тадбирлар давом этмоқда.
Жумладан, адабий тилимиз билимдонлари бўлган олимларимиз томонидан Ўзбек тилининг 5 томли изоҳли луғати тайёрланиб, нашр этилди, тўлдирилиб, қайта чоп қилинди.
Луғат 80 мингдан ортиқ ўзбек адабий тилида кенг истеъмолда бўлган сўз ва сўз брикмалари, фан, техника ва маданият соҳаларига оид терминлар, шевада қўлланиладиган сўзлар ва тарихий атамаларни ўз ичига олган.




