Ўзбек китобат санъати дурдоналари

Ўзбек китобат санъати  дурдоналари

 

osprosprosprospropnr.jpg

 

       Ўзбек ёзув маданияти ва китобат санъати тарихида Темурийлар даври алоҳида ўрин тутади. Амир Темур ва Темурийлар ташаббуси ҳамда оталиғи остида китобат санъати ривожланган. 

      Темурийлар давридан қолган, ўзбек китобат санъати тарихида ўта қимматли ва нодир саналган ёдгорликлардан бири ўз даврининг йирик маданият марказларидан бўлган Ҳиротда Абу Малик бахши уйғур хатида  кўчирган “Меърожнома” қўлёзмасидир.

     Қўлёзма китоб ҳозир Париждаги Франция Миллий кутубхонасида сақланмоқда. Қўлёзмага икки асар киритилган: бири “Меърожнома” бўлса, иккинчиси Фаридиддин Аттор қаламига мансуб “Тазкирату-л-авлиё” асарининг туркий таржимасидир.

    Қўлёзмани ҳиротлик Абу Малик бахши ҳижрий 840 (милодий 1436–1437) йили кўчириб тугаллаган. Меърожнома” китоби 1464 йилда Абу Саид Мирзо ташаббуси билан қайта кўчиртирилган. Ушбу қўлёзманинг кўплаб саҳифалари бугунги кунда турли музейлар, шахсий коллекцияларда сақланади. Жумладан унинг бир саҳифаси Буюк Британиянинг Оксфордшир графлигида жойлашган Али Сарихоний коллекциясидан ўрин олган.

        Шу йил май ойида Лондонда “Кристис” савдо уйи томонидан ташкил этилган аукционда ушбу қўлёзманинг яна  бир саҳифаси 1 900 000 фунт-стерлинг (2.5 млн АҚШ долларидан ортиқ)га сотилди.

       Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази музей экспозициясида мазкур китобнинг факсимил нусхасини жойлаштириш, унинг миниатюралари асосида деворий суратлар яратиш кўзда тутилган.