Ўтмиш, бугун ва келажак туташган чорраҳа

Ўтмиш, бугун ва келажак туташган чорраҳа

 

vpnaovprolpvarorpolprolprolprolprol.jpg

Сурхондарё ўзининг зиёратгоҳлари, археологик ёдгорликлари ва гўзал табиати билан машҳур. Вилоят бундай лойиҳалар учун катта тарихий ва маданий салоҳиятга эга. Бу ҳудудда қадимий маданият қатламлари бир-бири билан қоришган. Этношаҳарча эса сайёҳларни фақат тарих орқали эмас, балки “тирик маданият” билан янада кўпроқ жалб қилади. Энди меҳмонлар фақат обидаларни кўриб кетмайди. Улар воҳанинг турмуш тарзини ҳис қилиш учун бу ерда кўпроқ вақт қолишади.

Термиздаги бу мажмуа мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида тўпланган тажрибаларга суянган ҳолда амалга оширилган. Лойиҳа хусусий инвестор ташаббуси билан рўёбга чиқарилди. Бунинг учун 10 миллион доллар сарфлангани айтилмоқда. Бу рақам шунчаки сармоя миқдорини билдирмайди, балки ҳудуднинг қисқа муддатда қанчалик жадал ривожланаётганини ҳам кўрсатади.

Олти гектар майдонда ташкил этилган мажмуада тарихий кўринишдаги бинолар, миллий меъморчиликка хос иншоотлар қад ростлади. Ҳунармандлар устахоналари, оилавий меҳмон уйи, миллий ошхонани намоён этувчи ресторан, болалар учун замонавий ўйин майдончаси ва мусиқий фаввора каби объектлар жой олган.

Бу ерга ташриф буюрувчи меҳмонлар нафақат томоша қилади, балки ҳунармандлар фаолияти билан тўғридан-тўғри танишади. Миллий таомлардан татиб кўради. Бу эса замонавий туризмда талаб юқори бўлган тажрибадир.

Мамлакатимизда бундай маданият ва туризм мажмуалари сони ортиб бораётгани қувонарли. Бу каби масканлар доимо гавжум, иқтисодий жиҳатдан барқарор ва сайёҳлик жиҳатдан жозибадор бўлиб қолиши учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.