Усулул фиқҳ илми
Усулул фиқҳ илми
Усулул фиқҳ илми шаръий илмларнинг энг нозик, энг оилй ва энг манфаъати кўпларидан биридир. Зотан, мазкур илм фиқҳий ижтиҳоднинг асоси ва суянчидир.
Усулул фиқҳ илми ёрдамида фиқҳ билан машғул бўлган кишилар шаръий ҳукмларнинг қайси манбалардан олинганини биладилар ва мужтаҳид имомлар мазкур ҳукмларни мазкур манбалардан қайси йўл билан чиқариб олганларини ҳам англаб етадилар.
Усулул фиқҳ илми – ислом шариатининг устуни , исломий умматнинг фахридир. Шаръий далиллардан амалий ҳукмларни чиқариш фиқҳ деб аталади. Ана шу шаръий далиллардан амалий ҳукмларни чиқариш иши ўзига хос қонун ва қоидалар асосида бўлади. Ҳар бир мужтаҳид шаръий ҳукмларни чиқаришда албатта мазкур қоидаларни ишлатади.
Усулул фиқҳ илми доимо уламоларнинг диққат-эътиборини ўзига жалб қилиб келган. Улар бу соҳада ҳанузгача оз қийматини йўқотмаган асарлар таълиф этганлар.