Устознинг “Хотирот” шеърига назира
Устознинг “Хотирот” шеърига назира

Устоз кетганига ўн йил бўлибди,
Бироқ, хотираси, ижоди ҳамроҳ.
Қабрида сиймоси, гуллар унибди,
Дилбар шеърияти яшайди узоқ.
Ёшлик чоғим эди, журъатим етиб,
Устоз ҳузурига бордим ийманиб.
Ўша лаҳзаларни бўлмас унутиб,
Бахтиёр турганим бошим айланиб.
Устоз машқларимни ўқиётган дам,
Тек қотдим, ҳаттоки қоқмадим киприк.
Қутлуғ даргоҳига келмасдим ҳечам,
Бўлмаса шеърият аталган кўприк.
Устозга ҳайратда турмай тикилиб,
Хаёлимдан кечди ўтган йўлларим.
Шеъриятни умрим мазмуни билиб,
Ижод завқи билан ёнган йилларим.
Безовта қалбимда умид, ҳаяжон,
Барибир, хавотир эзар дилимни.
Гул дея суйганим эмасми хазон,
Балки тўхтатарман ижод йўлимни.
Нетай, шеър ишқида тўлғонса юрак,
Ҳисларим кўчирдим оппоқ қоғозга.
Устознинг фикрини кутяпман илҳақ,
Билмадим, тайёрми улар парвозга.
Кунларим беҳуда ўтмадимикин?
Машқим тегирмондан чиқурми тирик.
Ҳукмни кутяпман олганимча тин,
Наҳот қулаб тушса мен турган кўприк.
Шукур, устоз менга кўрсатди карам,
Бағишлади битта шеъримга қанот.
Шеърият боғига ташладим қадам,
Ҳамон илҳом берар ўша хотирот.