Ўрта асрларга оид ноёб топилма
Ўрта асрларга оид ноёб топилма

Мусулмон Шарқида ўтган машҳур шайхлардан бири, Хожагон тариқатининг асосчиси Ҳазрати Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний 1103 йилда ҳозирги Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани ҳудудида туғилган. Вафот санаси 1179 йил, айрим манбаларда эса 1220 йил деб кўрсатилган.
Хожа Абдулхолиқ бошланғич таълимни Ғиждувонда олиб, 9 ёшидаёқ Қуръони каримни ёд билган, 10 ёшидан бошлаб дарвешларнинг зикр мажлисларида фаол иштирок этган. Кейин таҳсилни Бухоро шаҳрининг машҳур мадрасаларида давом эттиради. Бу ерда у Имом Садриддин исмли замонасининг етук алломасидан тафсир илмини мукаммал ўрганади.
Абдулхолиқ 22 ёшида Бухорога келиб, ўша даврнинг донгдор шайхи ҳазрати Хожа Юсуф Ҳамадоний (1048-1140) билан учрашади ва унга шогирд тушади. Хожа Юсуф Ҳамадоний Хуросонга қайтиб кетгунига қадар у буюк зотнинг хизмат-мулозаматида бўлиб, хожагон тариқатининг усулларини мукаммал эгаллайди (гарчанд хожагон тариқатини Хожа Абдулхолиқ асослаган бўлса-да, унинг илк уруғлари Хожа Юсуф ҳазратлари томонидан ташланган) ва кўп ўтмай ўзи ҳам йирик тасаввуф олимига айланади. Алишер Навоийнинг «Насойимул-муҳаббат» асарида ёзилишича: «… аларнинг валояти ул ерга еттики, ҳар вақт намозда Каъбага борурлар эрди. Аларнинг валояти кўп эрди ва Шомда аларға кўп муридлар пайдо бўлдилар».

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг қабри Ғиждувон шаҳрининг марказида жойлашган бўлиб, онасининг оёқ томонига кўмилган.
Буюк саркарда, соҳибқирон Амир Темур Хитой урушидан қайтганидан сўнг Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг шарафларига атаб мадраса ва мақбара қуришни ният қилади, аммо уни амалга оширишга улгурмайди. Шу боис бу ишни унинг невараси — ёш бўлишига қарамасдан кўпинча бобосининг ёнида юргани боис унинг ниятидан хабардор бўлган Мирзо Улуғбек рўёбга чиқаради – 1433 йилда Ғиждувон шаҳрида «Улуғбек» номли мадраса, кутубхона ва тош ҳаммом қурдиради.
Кейинчалик, Бухоро амири Абдуллоҳхон томонидан бу ерда Абдулхолиқ Ғиждувоний шарафига масжид, минора ва ҳовуз барпо этилади. Абдулхолиқ Ғиждувоний жомеъ масжиди ва зиёратгоҳи Мустақилликдан сўнг қайта тикланди ва ободонлаштирилди.
Абдулхолиқ Ғиждувоний мақбарасидаги ушбу қадимий, темир пўлатдан ясалган панжара ўрта асрларга оид бўлган ноёб топилмадир.
Атрофи ёғоч билан ўралган, тўғри тўртбурчак шаклидаги панжара 105 дона кичик ромбларга бўлинган ҳолда пайвандлаш усули қўлланмасдан мукаммал даражада моҳирлик билан бир-бирига уланган.
Ромблар бир-бирига туташган нуқталар 8 қиррали юлдуз кўринишида ишланган бўлиб, юза қисмида сулс хатида “Аллоҳ” ва “Муҳаммад” сўзлари “тамға” усулида битилган. Мазкур панжара ҳазрат Абдухолиқ Ғиждувоний ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ мерос ҳисобланади.




