Урбанизация ва уй-жой қурилишидаги вазифалар

Урбанизация ва уй-жой қурилишидаги вазифалар 

 sdfghdfghdfghdfghdfghdfghfdgh.jpg

 

      Президент Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни урбанизация ва уй-жой қурилишида янгича ёндашувларни жорий этиш юзасидан тақдимот билан танишди.

      Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида сўнгги 8 йилда мамлакатимизда 120 миллион квадрат метр ёки 600 мингдан зиёд хонадонлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Уй-жой сотиб олишга кўмаклашиш учун 541 минг нафар фуқарога 103 триллион сўм арзон ипотека кредитлари ва субсидиялар ажратилди.

      Қурилиш ишларининг кўлами кенгайгани қурилиш материаллари саноати ривожига катта туртки бериб, кўплаб ҳудудларнинг “драйвери”га айланди. Урбанизация даражаси 1991 йилдаги 40,3 фоиздан 51 фоизга етди.

      Давлатимиз раҳбари қилинган ишлар ҳали етарли эмаслигини кўрсатиб ўтди. Республика бўйича ҳар йили 200 мингтага яқин янги оила ташкил топмоқда. Бу янги уйлар, йўллар ва ижтимоий инфратузилмага талаб янада ортади дегани. Қолаверса, ҳозирда аҳолининг бир киши бошига ўртача 18,9 квадрат метр турар жой майдони тўғри келмоқда. Бу кўрсаткични камида 23 квадрат метрга етказиш учун 2040 йилгача янги уй-жой қурилиши суръатини 280 мингтага ошириш лозим.

      Шу мақсадда урбанизация соҳасида бошқарув янги тизим асосида йўлга қўйилиб, алоҳида қўмита тузилди, унинг олдига уй-жой қуриш ҳажмларини босқичма-босқич ошириш вазифаси қўйилди. Хусусан, 2026 йилда 140 минг, 2027 йилда 150 минг ва 2028 йилда 160 минг хонадонли уй-жойлар қуриш режалаштирилган.