Ҳунармандчилигимизнинг халқаро эътирофи

Ҳунармандчилигимизнинг халқаро эътирофи

ykreonlpgsdanvruypuykpvkreev.jpg

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши Осиё-Тинч океани минтақасининг (WCC-APR) 38-Бош ассамблеяси бўлиб ўтди.

 

Тадбирда Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти Рози Гринлиц, Бутунжаҳон ҳунармандлари кенгаши Осиё-Тинч океани минтақаси президенти Гада Ҳижжави-Қаддуми, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов ҳамда 30 дан ортиқ давлатлардан WCC-APR (ОТОМ БҲК) аъзолар иштирок этди.

 

Бош ассамблеяда Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши Осиё-Тинч океани минтақаси президентлигини 2021-2024 йиллар даври мобайнида Ўзбекистонга ўтказилишини тасдиқлаш, Ҳайъат мажлисларини ўтказиш ҳамда халқаро симпозиумлар ва кўргазмалар ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

 

Таъкидлаш жоизки, Савдо-саноат палатаси томонидан Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши Осиё-Тинч океани минтақаси (WCC-APR) 38-Бош ассамблеясини жонли эфирда тақдим этиш бўйича улкан техник ишлар амалга оширилди.

 

Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши 1964 йил 12 июнда О.Уебб хоним, Маргарет М.Патч хоним ва Камаладеви Чаттопадҳяй хоним томонидан Нью-Йоркдаги Колумбия университетида бўлиб ўтган халқаро йиғилишда маданий ҳаётнинг муҳим қисми бўлган ҳунармандчилик мақомини сақлаб қолиш, мустаҳкамлаш ва тараққиётини таъминлаш ҳамда бутун дунё ҳунармандлари орасида мазкур соҳанинг умуминсоний қадриятлари ва дўстона туйғуларини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган.

venopnglgdaevkrvypvkeryukperaoa.jpg

Кенгаш бугунги кунда бутун дунёдаги ҳунармандларнинг интилишларини қўллаб-қувватлайдиган ягона ташкилот бўлиб, у мерос қилиб олинган анъаналарни сақлаб қолиш ёки тажриба ва инновациялар орқали чегараларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

 

Давлатимиз раҳбари кўмаги ва ташаббуслари билан юртимиздаги қадимий ва бой тарих, ноёб қадрият ва урф-одатлар, анъаналарни ўзида мужассам этган ҳолда халқ ижодиётини ривожлантириш бўйича аниқ ва тизимли ишлар олиб борилди.

 

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, бугунги кунда Ҳунарманд уюшмаси аъзолари сони 36 минг 440 кишига етди. Бу аввалги йил билан солиштирганда 14 фоизга кўп деганидир. Шубҳасиз, бу янги иш ўринлари яратилишига ҳисса қўшади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги фармонига мувофиқ ҳунармандчиликни ривожлантириш дастурига 50 миллион доллар миқдорида кредит ажратилган бўлса, 2020 йил апрель ойига келиб қўшимча яна 50 миллион доллар ажратилди. Яна бир мисол сифатида, ҳунармандлар томонидан яратилган янги иш ўринлари ўтган йилга нисбатан сезиларли равишда ошганини айтиб ўтиш лозим.

Қолаверса, мамлакатимизда ҳунармандчиликка қаратилаётган алоҳида эътибор натижаси ўлароқ, 2019 йилда ЮНЕСКО ҳомийлигида Халқаро ҳунармандлар фестивалининг Қўқон шаҳрида ўтказилиши мамлакатимиз маданий ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Ушбу фестивалга 78 дан ортиқ мамлакатдан 570 ҳунарманд, шу жумладан, ўзларининг илмий ишлари ва ҳунармандчилик соҳасидаги амалий фаолияти билан танилган хорижлик олим ва мутахассислар, шунингдек, 2200 дан ортиқ маҳаллий халқ амалий санъат усталари иштирок этганининг ўзи ҳам мазкур халқаро фестивалнинг нуфузи қай даражада юқори бўлганини айтиб турибди.

 

Онлайн форматда ўтказилган ушбу тадбирда доктор Гада Ҳижжави-Қаддуми номзоди 2021-2024 йиллар давомида “WCC-International” президенти лавозимига, шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши Осиё-Тинч океани минтақаси президенти лавозимига тасдиқланди.