Улкан мегаполисга айланаётган Тошкент

Улкан мегаполисга айланаётган Тошкент

 gspslggnkn7vuekvune.jpg

     Президент Шавкат Мирзиёев 15 октябрь куни Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт лойиҳаси тақдимоти билан танишди ҳамда мазкур улкан мажмуа қурилиши бошланишига бағишланган маросимда иштирок этди.

      Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилаётган Янги Тошкент шаҳри ҳам қулай жойлашуви, инвестиция жозибадорлиги, яшаш учун барча шароитга эгалиги боис, ғоят гавжум масканлардан бири бўлиши кутилмоқда.

     Ҳудудлардаги 7 та халқаро аэропорт замон талаблари асосида реконструкция қилиняпти. Мўйноқ, Қўқон, Зомин,0    Шаҳрисабз, Сариосиё, Сўх туманларида янги аэропортлар барпо этилиб, уларнинг сони 18 тага етказилди.

     Энг муҳими, соҳада рақобат муҳити яратилгани сабабли 15 та янги авиакомпания пайдо бўлди. Уларнинг авиапаркидаги ҳаво кемалари сони 26 тадан 105 тага етди.

    Келгуси беш йилда авиапаркдаги ҳаво кемалари 180 тага, йўналишлар 230 тага, маҳаллий ва халқаро авиақатновлар сони эса йилига 200 мингга етказилади. Аэропорт инфратузилмасини хусусий шериклик асосида ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар изчил давом эттирилади.

     Сўнгги саккиз йилда пойтахтга авиа йўловчилар оқими уч карра ошиб, йилига 9 миллионга етди. 2040 йилга бориб, 24 миллиондан ошади. Лекин йилига 11 миллион одамга хизмат кўрсатадиган ҳозирги аэропорт шаҳар ҳудудида жойлашгани учун уни кенгайтиришнинг имконияти йўқ. Шу боис, соҳадаги етакчи хорижий экспертлар ва жамоатчилик вакиллари билан муҳокама қилиниб, Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги 1 минг 300 гектар майдонда янги халқаро аэропорт барпо этилмоқда.

     Янги аэропортни қуриш орқали мультимодал транспорт боғламаси ташкил этилади. Ушбу ҳудуд Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Андижон, Тошкент – Бўстонлиқ пуллик автомобиль йўлларига уланади. Бу ерда замонавий темир йўл станцияси қурилиб, тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилади. Пойтахт ва Янги Тошкент марказлари шаттл транспорт хизматлари орқали боғланади.

      Янги аэропорт иқтисодий жиҳатдан ҳам давлат учун жозибадор бўлиб, бу лойиҳа мамлакатимизга 27 миллиард доллардан ортиқ даромад келтиради. Юртимизда хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, туризм соҳаларининг янада ривожланишига, янги иш ўринларининг очилишига ҳисса қўшади.