Ҳўқанди - жаҳон ҳунармандлар шаҳри
        
        
Ҳўқанди - жаҳон ҳунармандлар шаҳри
 
Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Хўқанд – ҳозирги Қўқон жаҳон ҳунармандлар шаҳри номига сазовор бўлган. Бу қадимий шаҳар ҳақли равишда “олтин водий” деб ҳам ном олган гўзал Фарғона водийсининг гавҳаридир. Икки минг йиллик шонли тарихга, сўлим табиатга эга, қанча-қанча буюк воқеаларга гувоҳ бўлган Ҳўқанди латиф миллий давлатчилик, илму ҳунар, санъат ва адабиёт равнақининг ёрқин тимсоли сифатида ҳам донг таратган.
Шаҳарда тарихий обидалар, қадамжолар ва зиёратгоҳлар жуда кўп. Худоёрхон ўрдаси XIX асрнинг муҳташам обидаларидан саналади. Бир пайтлар бу ерда Амир Умархон саройи бўлган. Муҳаммад Алихон даврида мазкур иншоот мукаммал таъмирланиб, “Зарринсарой” деган ном олган, баъзан “Қирқустун” деб ҳам аталган. 1842 йили Бухоро амири Насруллохон томонидан вайрон этилган.
Мазкур сарой қурилиши Худоёрхон фармони билан 1865 йилда бошланади. Иншоот расман 1873 йилда битказилади.Ўрда биносининг майдони саккиз гектарни эгаллаган. Қалъанинг атрофи баланд бинолар, қалин деворлар ва хандақ билан ўраб олинган. Иншоот тўрт ташқи сарой, ўрта сарой, боғ ва ҳарамни ўз ичига олган.
Ушбу Ўрда бугунги кунда Қўқон давлат музей-қўриқхонаси сифатида фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда Қўқон тарихи ва бугунидан ҳикоя қилувчи 40 мингдан ортиқ осори-атиқа сақланади. Фарғона меъморчилик мактабининг ноёб намунаси ҳисобланган музейга бир йилда ўрта ҳисобда 300 минг томошабин ташриф буюради.
    



