Учинчи Ренессанс буюк аждодлар меросига таянади
Учинчи Ренессанс буюк аждодлар меросига таянади
«Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори» Ўзбекистон олимлари форумининг иккинчи кунида бўлиб ўтди.
Икки кунлик форумнинг навбатдаги кунида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти, келгусидаги режалар хусусида батафсил сўз юритилди.
Ушбу марказни тўлақонли ишга тушириш учун зарур барча чора-тадбирлар тўлақонли ишга туширилмоқда. Айни пайтда Марказ музейи экспозициясини шакллантириш борасида кўплаб йиғилиш ва семинарлар ташкил этилди, амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шунингдек, мазкур форумда иштирок этган 450 нафардан ортиқ олим, эксперт, тадқиқотчилар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Илмий кенгаши аъзолари сифатида фаолият юритиб, музейдаги ҳар бир экспозиция, чоп этиладиган ҳар бир нашр энг аввало, олимлар назаридан ўтказиб олиниши мақсадга мувофиқлиги айтилди.
Шунингдек Ўзбекистондаги Ислом цивилизациясининг улкан вазифалари, Марказ музейи экспозициясини шакллантириш билан бирга Имом Бухорий музейини ташкил этиш, унинг концепциясини ишлаб чиқиш борасидаги долзарб вазифалар ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилди.
Анжуманда «Исломдан аввалги даврда Марказий Осиё», «Исломнинг Марказий Осиёга ёйилиши», «Таълим», «Шаҳарсозлик ва меъморчилик тарихи», «Анъаналар», «Қуръон зали концепцияси», «Илм-фан», «Санъат ва бадиий ҳунармандчилик», «Учинчи Ренессанс – янги Ўзбекистон», «Имом Бухорий музейи концепцияси» шўбаларининг ҳисоботлари тингланиб, якуний фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга "Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори" мавзусидаги республика форуми иштирокчиларининг мурожаати қабул қилинди.
Мурожаатда жумладан, шундай дейилади: “Юртимиз тарихида биринчи марта амалга оширилаётган ноёб мегалойиҳа сифатида баҳоланаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш тўғрисидаги ташаббусингиз муқаддас динимизнинг тинчлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик ғояларини улуғлаш, халқимизнинг буюк тарихи, бой маданий-маърифий меросини тиклаш ва дунёга тарғиб этиш борасидаги доимий эътибор ва ғамхўрлигингизнинг юксак амалий намунаси сифатида айниқса таҳсинга сазовордир.
Сизнинг ташаббусингиз билан бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази келгусида халқимиз ва айниқса ёшларимизнинг онгу тафаккурини, қалби ва руҳини юксалтириб, Учинчи Ренессанс бунёдкори этиб тарбиялашга, Янги Ўзбекистоннинг ўзига хос маънавий кўзгуси бўлиб хизмат қиладиган бетакрор масканга айлантириш бўйича барча мақсад ва вазифаларни аниқ белгилаб олганимиз, ҳеч шубҳасиз, фаолиятимиз самарасини оширишда муҳим аҳамиятга эгадир”.
Анжуман якунида Ўзбекистондаги Ислом цивилизация марказининг илмий-маърифий фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг таркибидаги музей экспозисияси билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Илмий кенгашни ташкил этиш бўйича форум иштирокчилари томонидан қарор қабул қилинди. Мазкур Илмий кенгаш форум доирасида билдирилган 600 дан ортиқ таклифларни ўрганган ҳолда уларни амалиётга жорий этиш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқади ҳамда ҳукуматга тақдим этади.