Туркия ташқи ишлар вазири: «Ўзбекистоннинг ҳар қадами гўзал, ҳар қадами тарих!»
Туркия ташқи ишлар вазири: «Ўзбекистоннинг ҳар қадами гўзал, ҳар қадами тарих!»

Мамлакатимизга ташриф буюрган Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлу Фарғона вилоятидан сафарини бошлаб, диққатга сазовор жойларда бўлди.
Туркия ташқи ишлар вазири Марғилон шаҳридаги Ҳунармандлар марказини бориб кўрди. Меҳмонлар дастлаб марказнинг тўқув цехидаги иш жараёни билан танишишди. Турфа рангда товланувчи ипакдан атлас, адрас, шойи, бахмал, беқасам матолар яратаётган тўқувчи хотин-қизлар маҳорати катта қизиқиш уйғотди.
Гилам тўқиш цехида бўлган делегация аъзолари ўз ҳайратларини яшириб ўтирмадилар. Бу ерда тайёрланган ипак гиламлар Туркияда анча машҳур. Қўл меҳнати асосида бири-биридан нафис гулу нақшлар туширилган гиламларнинг жозибадорлигини меҳмон алоҳида қайд этди.
-Яна бир бор қардош Ўзбекистонда, бу сафар Фарғонада бўлиб турганимдан жуда хурсандман,- деди Чавушўғлу.-Тошкентда бўлиб ўтадиган муҳим анжуманда иштирок этиш учун келдик. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бу ташаббус минтақанинг барча мамлакатлари учун хавфсизлик ҳамда ҳамкорлик нуқтаи назаридан аҳамиятлидир. Фарғонага анчадан буён келишни истардим.

Авваллари Бухоро, Самарқанд, Урганчга боргандим. Биласизми, Ўзбекистоннинг ҳар қадами гўзал, ҳар қадами тарих. Мен бир деҳқон фарзандиман. Бу вилоятда қишлоқ хўжалиги ҳам жуда ривожланган.
Бу ерда маданият ҳамда цивилизация ҳам жуда юқори. Ҳозирда кўриб турган марказимиз ҳам ипак тўқимачилигига ихтисослашган ўзига хос марказ экан.
Илгари Туркияда қўлда тўқилган ипак гиламлар ҳам бу ерда тўқилаётганига гувоҳ бўлдим. Бу гиламларни тўқиш учун ойлаб, йиллаб кўз нурини тўкиш, қўл меҳнати керак бўлади. Умуман олганда, Фарғонага ташрифимдан жуда хурсандман.
Мартабали меҳмон Олтиариқ тумани ва Қўқон шаҳрида ҳам бўлди.
ЎзА




