Транспорт, саноат ва рақамли ҳамкорлик истиқболлари

Транспорт, саноат ва рақамли ҳамкорлик истиқболлари

 

yavfvyavpyvpryaprvyaprvyapr.jpg

 

       Мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, барча тармоқлар ва соҳаларда, энг аввало, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар, бизнес ҳамжамияти ва илмий доиралар вакиллари ҳамда хорижий экспертлар иштирокида “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси ишлаб чиқилган.

       Охирги 5 йилда соҳа экспорти 170 миллион доллардан 1 миллиард долларга яқинлашди. Интернет тезлиги 7 баробар, мобиль интернет эса 4,5 баробар ошди. Ўтган йили соҳадаги стартапларга 70 миллион доллар венчур инвестиция киритилди.

       Буларнинг натижасида “Глобал стартаплар индекси” рейтингида Ўзбекистон 12 поғона юқорилаб, “ТОП-100”ликка кирди. Ўтган йили “Сунъий интеллектга тайёрлик” халқаро индексида юртимиз 17 поғона кўтарилиб, Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади. Ўзбекистон телекоммуникация соҳасининг ўсиш суръатлари бўйича МДҲ мамлакатлари рейтингида биринчи ўринни эгаллади.

       Бундай ишлар изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, келгуси йилда давлат хизматларини рақамлаштиришни 70 фоизга, IT хизматлари миқдорини 100 триллион сўмга етказиш режалаштирилган. “Электрон ҳукумат ривожланиш индекси”да камида 55-ўринга кўтарилиш мақсад қилинган. Бу кўрсаткичларга эришиш учун қатор ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилган.