Тошкентдаги автобусларда 2025 йил 1 январдан нақд пул қабул қилиш амалиёти тўхтатилади
Тошкентдаги автобусларда 2025 йил 1 январдан нақд пул қабул қилиш амалиёти тўхтатилади
“Тошшаҳартрансхизмат” йўл ҳақини тез ва арзон тўлаш учун электрон тўлов тизимларидан — транспорт карталари ва банк карталаридан фойдаланишни тавсия қилди.
Нақд пул орқали автобусларда ҳаракатланиш учун бекатлар ва улар яқинидаги барча тўлов қурилмалари — Paynet, MultiPay ва “Осон” инфокиосклари орқали бир марталик чипта харид қилиш керак бўлади.
Бекатларга нақд пулга билет ёки QR код сотиб олиш имконияти яратилади. Ҳозир бу тажриба Тошкент шаҳрида синовдан ўтказиляпти. Барча автобусларга шу QR кодларни ўқий оладиган девайслар ўрнатилади. Улар ўрнатилгач, табиийки кондукторлар ишламайди. Сабаби нақд пулни йиғиш эҳтиёжи қолмайди.
Пойтахт ҳокими қарори билан 2025 йил 1 январдан Тошкент шаҳрининг жамоат транспорти йўналишларида (автобус ва метрополитен) қатновларни амалга ошириш учун йўлкира ҳақининг қуйидаги чекланган тарифлари белгиланмоқда:
-
бир йўловчи қатнови учун чекланган тариф – 3 000 сўм. Бунда, бир йўловчи қатнови учун 1 марталик тўловни электрон тўлов тизими орқали амалга оширилганда рағбатлантирувчи чегирма қўлланилган ҳолда – 1 700 сўм ундирилади;
-
бир йўловчининг багажини ташиш бўйича хизмат учун – 4 000 сўм;
-
қатновлар сонига боғлиқ ҳолда белгиланган тариф режаларини ҳисоблаш учун чекланган тариф – 1 600 сўм.