Тошкентда глобал илм-фаннинг янги йўналиши муҳокама қилинди

Тошкентда глобал илм-фаннинг янги йўналиши муҳокама қилинди

Сунъий интеллект инсондан устун келиши мумкинми? Ёки инсоният аллақачон бу саволга жавоб топганми? Тошкентда бўлиб ўтган “Ислом цивилизациясида илмий анъана: манбалар, имкониятлар ва долзарб масалалар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда айнан шу масала атрофида малайзиялик ва маҳаллий олимларнинг муҳокама йиғилишлари ўтказилди. Бу ерда олимлар фақат технологиялар ҳақида эмас, балки инсоннинг ўзи — унинг ақли, руҳи ва билиш чегаралари ҳақида сўз юритди.

2026 йил 5 май куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш, илм-фанни глобал тараққиётнинг асосий омили сифатида қўллаб-қувватлаш ташаббуслари доирасида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Конференцияда 300 нафардан ортиқ иштирокчи — давлат идоралари вакиллари, етакчи олимлар, экспертлар, тадқиқотчилар ва талабалар қатнашди. Тадбир доирасида шўъба йиғилишлари ташкил этилди. Уларда ислом цивилизацияси илмий меросини замонавий шароитда қайта талқин қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида  шўъба йиғилишлари ўтказилиб, уларда илмий меросни замонавий талқин қилиш, унинг долзарб муаммолари ва истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, биринчи шўъбада илм тушунчасининг тарихий шаклланиши, таснифи ва бугунги даврдаги аҳамияти юзасидан маърузалар тақдим этилди.

Жумладан, Малайзия технология университети вице-канцлери Моҳд Шафри Моҳд Раҳим сунъий интеллект асрида ахлоқ ва одоб масаласи илм-фан ривожида ҳал қилувчи ўрин тутишини қайд этди.

Туркиялик профессор Билал Куспинар эса ислом илмий меросини замонавий дунё билан уйғунлаштириш зарурлигини таъкидлаб, Абу Наср Форобий, Ибн Сино, Аҳмад Яссавий ва Абу Райҳон Беруний каби алломаларнинг ғоялари бугунги глобал муаммоларни англашда муҳим аҳамиятга эга эканини билдирди.

Билал Куспинар Тошкўпризода, Нажмиддин Эрбакан университети профессори:

– Аввало, Ўзбекистон ҳукумати ва ушбу Марказни барпо этишда ҳисса қўшган барча инсонларни табриклайман. Бу маскан келажакда глобал аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Марказда ўтказилган халқаро илмий амалий конференция доирасида ўтказилган мулоқот йиғилишимизда икки муҳим масала муҳокама қилинди: биринчиси — илм-фаннинг моҳияти, унинг таърифи ва замонавий дунё муаммолари қаршисида мусулмонларнинг ўрни; иккинчиси — бой илмий меросни бугунги дунё билан уйғунлаштириш масаласи.

Муҳокамаларда Абу Наср Форобий, Ибн Сино, Аҳмад Яссавий ва Абу Райҳон Беруний каби алломалар меросига таянилди. Уларнинг илмни инсон мавжудлиги ва ҳақиқатни англаш билан боғлаган қарашлари таҳлил қилинди.

Шунингдек, сунъий интеллект масаласи ахлоқий нуқтаи назардан кўриб чиқилиб, замонавий технологияларни маънавият билан уйғунлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Умуман олганда, учрашув мазмунли ва самарали бўлди. Бу каби анжуманлар ушбу марказнинг нуфузли илмий ва фалсафий майдонга айланишига хизмат қилади, – деди профессор.

Шўъба муҳокамалари марказида шунингдек, исломшунослик, фалсафа, тарих ва замонавий илм-фан кесишмасидаги долзарб масалалар турди. Айниқса, анъанавий диний билимлар билан замонавий илмий қарашлар ўртасидаги уйғунлик имкониятлари кенг муҳокама қилинди.

Йиғилиш хорижлик профессор Джорж Саникидзенинг Грузияда ислом тадқиқотлари ривожига бағишланган маърузаси билан очилди. У тарихий силсилаларда диний илмлар қандай ўзгарганини қиёсий таҳлил қилди.

Шундан сўнг профессор Шовосил Зиёдов Имом Бухорий меросининг аҳамиятига тўхталиб, уни нафақат ислом дини, балки бутун инсоният маънавий тараққиёти учун муҳим илмий манба сифатида баҳолади.

Конференциядаги энг муҳокамали чиқишлардан бири малайзиялик тадқиқотчи Даянг Нурхазийека Ҳамзани томонидан тақдим этилди. У замонавий онг тадқиқотларида “руҳ” тушунчасини қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Унинг фикрича, ислом тафаккурида “ақл”, “қалб”, “нафс” ва “руҳ” тушунчалари аллақачон чуқур таҳлил қилинган бўлиб, бу мерос сунъий интеллект даврида инсон табиатини янада тўлиқ англаш имконини беради.

—  Ислом илмий анъанаси ҳали тўлиқ ўрганилмаган катта салоҳиятга эга. Бугунги кунда сунъий интеллект ҳақида баҳслар давом этар экан, “интеллект нима?” деган савол очиқ қолмоқда. Ислом тафаккурида эса бу тушунча “ақл”, “нафс”, “қалб” ва “руҳ” уйғунлигида аллақачон изоҳланган.Шу боис, бу мерос замонавий илм-фанни бойитиш, инсон табиатини чуқурроқ англаш ва илм билан руҳият ўртасидаги мувозанатни сақлашда муҳим аҳамиятга эга. Бу билимларни кенг тарғиб этишда илмий-маърифий марказлар, хусусан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази муҳим рол ўйнайди ва бошқа давлатлар учун ҳам намуна бўла олади. Бироқ фақат намойиш етарли эмас — алломалар меросини чуқур англаш, ўтмиш тилларини ўрганиш ва ёшларни бу йўлга жалб этиш зарур, – деди у.

Замонавий технологиялар бу жараённи қўллаб-қувватлайди, аммо энг муҳим омил — ёшларнинг ушбу меросга бўлган қизиқиши ва ҳурматини шакллантиришдир. Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессори Илҳомжон Бекмирзаев “XII–XIII асрларда асрларда Бухорода фаолият юритган Оли Моза оиласи ва уларнинг ҳуқуқий маданият ривожига кўшган ҳиссаси” деб номланган маърузасида Оли Моза оиласининг ҳуқуқий маданият ривожига қўшган ҳиссасини тарихий манбалар асосида таҳлил қилди. Ушбу маърузада мазкур оиланинг фиқҳий билимларни ривожлантириш, ҳуқуқий анъаналарни шакллантириш ва жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришдаги ўрни ёритилди.

Малайзия технология университети Ража Зарит София номидаги Ислом, фан ва цивилизация бўйича илғор тадқиқотлар маркази илмий ходими, доктор Муҳаммад Ихван Азланнинг фикрича эса, ўтмиш илмий меросини қайта ўрганиш ва англаш муҳимдир.

— Бугунги конференция ислом илмий анъанаси ҳақида очиқ ва илмий асосда фикр юритилаётгани билан аҳамиятлидир. Замонавий илм-фан ҳаётимизга чуқур кириб келган бўлса-да, унинг ортидаги ғояларни тўлиқ англаш долзарб масала бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, биз бой илмий меросга эгамиз ва айниқса Ўзбекистон бу мероснинг муҳим марказларидан биридир. Энди асосий вазифа — уни сақлаш билан чекланмай, чуқур талқин қилиш ва бугунги даврга мос қўллашдир. Фундаментал илмий ғоялар асрлар давомида ўзгармаганини Аристотел, Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад Хоразмий ва Ибн Сино асарларида кўриш мумкин. Уларнинг мантиқ, математика ва билиш ҳақидаги қарашлари бугун, сунъий интеллект даврида ҳам долзарблигича қолмоқда. Шу боис, ўтмиш илмий меросини қайта ўрганиш ва англаш муҳимдир. Бу борада илмий-маърифий марказлар муҳим платформа бўлиб хизмат қилади, – дейди у. 

“Мусулмон дунёсида илм-фан ва таълим” мавзусидаги шўъба йиғилишида эса ислом цивилизациясида илм-фан ва таълимнинг ўрни, илмий мероснинг замонавий талқини ҳамда билимлар тизимининг назарий асослари атрофлича муҳокама қилинди.

Малайзия технология университети Ража Зарит София номидаги Ислом, фан ва цивилизация бўйича илғор тадқиқотлар маркази директори Доктор Моҳд Ҳилми Рамли муҳокама мулоқотида қуйидагиларни таъкидлади:

–Исломда билим муайян манбаларга таянади. Инсон билимни, аввало, сезги аъзолари орқали қабул қилади, кейин эса ақл-идрок орқали уни англайди ва ишончли манбалар орқали мустаҳкамлайди. Бу ёндашув Имом Мотрудий ва Имом Тафтазоний каби буюк алломаларнинг илмий меросида ўз ифодасини топган. Бундай конференциялар Малайзия ва Ўзбекистон ўртасида илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва янги тадқиқот йўналишларини белгилашда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, тарихий манбаларни ўрганиш ва уларни замонавий интеллектуал жараёнларга татбиқ этишда ҳамкорлик катта имкониятлар очади.

Шўъба йиғилишида, шунингдек, Татьяна Денисова, Гулчеҳра Рихсиева ҳамда Ҳомиджон Ишматбеков каби нуфузли олимлар иштирок этиб, ўз маърузаларида ислом цивилизациясида илм-фанга муносабат, шарқшуносликнинг тарихи ва истиқболлари ҳамда Марказий Осиё алломаларининг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини ёритиб бердилар.

Йиғилиш якунида иштирокчилар ўртасида муҳокама ва савол-жавоблар ўтказилиб, илмий мулоҳазалар алмашилди. Тадбир қатнашчилари бу илмий-амалий муҳокамалар ислом цивилизациясида илм-фан ва таълим масалаларини чуқур ўрганиш, шунингдек, халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим платформа бўлганини таъкидладилар.

Мутахассислар фикрича, бу каби анжуманлар Марказий Осиёнинг илмий меросини қайта кашф этиш ва уни глобал интеллектуал маконга интеграция қилишда муҳим босқич ҳисобланади.

ЭСЛАТИБ ЎТАМИЗ: Жорий йилнинг 5 май куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Малайзия Қироличаси иштирокида “Ислом цивилизациясида илмий анъана: манбалар, долзарб масалалар ва салоҳият» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.