“Тинчлик ва ҳамжиҳатликка чорловчи маскан”: Сингапур Катта вазири Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
“Тинчлик ва ҳамжиҳатликка чорловчи маскан”: Сингапур Катта вазири Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Сингапур Республикаси Катта вазири Ли Сянь Лун бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Ташриф давомида делегация аъзолари Марказ экспозициялари билан яқиндан танишиб, Ўзбекистон ҳудудида минг йиллар давомида шаклланган бой илмий, маънавий ва маданий мерос ҳақида кенг тасаввурга эга бўлдилар.
Айниқса, Қуръони карим залида сақланаётган VII асрга оид машҳур Усмон Мусҳафи меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Инсоният тарихидаги энг ноёб қўлёзма ёдгорликларидан бири сифатида эътироф этиладиган ушбу Мусҳаф Марказ экспозициясининг энг қимматли дурдоналаридан бири ҳисобланади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган улкан илмий-маърифий лойиҳадир. Марказ Ўзбекистон заминидаги қадимий цивилизациялар, исломдан аввалги давр мероси, ислом маданияти ва илм-фани тараққиёти, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари ҳамда Янги Ўзбекистондаги Учинчи Ренессанс пойдевори ҳақида яхлит тасаввур беради.
Бу ерда тарих фақат экспонатлар орқали намойиш этилмайди. Замонавий технологиялар, илмий ёндашув ва интерактив ечимлар орқали аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси янги авлод ва халқаро меҳмонларга кенг тақдим этилмоқда.
Ташриф якунида Ли Сянь Лун «Фахрий меҳмонлар» китобига Марказ ҳақидаги таассуротларини ёзиб қолдирди. Унда Марказнинг нафақат Ўзбекистон тарихий-маданий меросини намоён этаётгани, балки турли маданиятлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга қаратилган муҳим мақсадлари алоҳида таъкидланган:
«Марказ Ўзбекистоннинг исломдан аввалги даврлардан бошланган бой тарихий ва маданий меросини, шунингдек, Учинчи Ренассанс сари интилишини кенг намоён этмоқда. Марказнинг маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган қарашлари — тинчлик ва ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида яшаётган кўп миллатли ва кўп динли жамият — Сингапурдан келган биз учун ниҳоятда яқин ва чуқур мазмунга эга. Марказга ўзининг муҳим ва эзгу фаолиятида улкан муваффақиятлар тилайман».
Сингапур Катта вазирининг ушбу фикрлари Ислом цивилизацияси марказининг бугунги вазифаси ва халқаро аҳамиятини яна бир бор намоён этади.
Зеро, Президент ташаббуси билан барпо этилган ушбу мажмуа Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихини дунёга танитиш билан бирга, турли халқлар ва маданиятлар ўртасида ўзаро англашув, тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган замонавий маърифий майдон сифатида шаклланмоқда.








