«Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар»

«Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар»

 yvekprykverpykkerykerr.jpg

      Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тиббиётнинг бирламчи бўғини ва ихтисослашган муассасаларда хизматлар сифатини янада ошириш, дори воситалари истеъмолини тартибга солиш ҳамда тиббий таълимни такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

      Йиғилишда «Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар» дастури бошланиши эълон қилинди. Бунда вилоят ҳокимлари кутиш жойларида қулай ўриндиқларни кўпайтириб, навбатни тартибга келтириш, «она-бола» хоналарини ташкил қилиш, ногиронлиги борлар эркин ҳаракатланиши учун кириш-чиқиш жойлари, хона ва йўлакларда инклюзив муҳит яратиш, қўл ювишга иссиқ суви бор покиза ҳожатхоналар ташкил этиш учун масъул бўлади.

     «Оддий қилиб айтганда, тиббиёт муассасасига маданият, тартиб-интизом, файз олиб кириб, одамларга ижобий кайфият улашади», — деди президент. Бунга ҳар бир вилоят ҳокими 10 миллиард сўмдан ажратади.

      Шунингдек, давлат раҳбари поликлиникалардаги оилавий шифокорнинг базавий ойлиги 500 доллар, ҳамшираники 300 долларга етказилишини маълум қилди. Оилавий шифокор ва ҳамшира малака сертификати олса, яна шунча устама тўланади.

     Агар улар маҳаллада юриб, сурункали касали борларга вақт ажратса, касалликларни эрта аниқлаб, оғир асоратларнинг олдини олса, буларнинг ҳисобига тез ёрдам ва стационарга мурожаатни қисқартирса, шифокорга яна 500 доллар, ҳамширага эса қўшимча 300 доллар берилади.

     «Бир сўз билан айтганда, оилавий шифокорлар 1,5 минг доллар, ҳамширалар эса 600–800 доллар ойлик оладиган тизим қиламиз», – деди президент.