The Japan News: “Ўзбекистон миллий бирдамлик асосида тараққий этишга интилмоқда”

The Japan News: “Ўзбекистон миллий бирдамлик асосида тараққий этишга интилмоқда”

Япониянинг нуфузли “The Japan News” нашрида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган «Ўзбекистон миллий бирдамлик асосида тараққий этишга интилмоқда» сарлавҳали мақола чоп этилди. Мақола муаллифи — Муҳсинхўжа Абдураҳмонов, Ўзбекистоннинг Япониядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси.

Материалда Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларидаги тараққиёти, Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасидаги ислоҳотлар, халқаро майдондаги нуфузи ҳамда Япония билан савдо, инвестиция, таълим ва маданият соҳаларидаги стратегик ҳамкорлиги ҳақида сўз юритилган.

1991 йил 31 август куни Ўзбекистон мустақил давлатга айланиб, халқимиз тарихида янги саҳифани очди. Орадан 35 йил ўтиб, бугун ҳам мустақиллик миллий бирдамлигимиз, фаровон, замонавий ва очиқ давлат барпо этишга бўлган қатъий интилишимизнинг пойдевори бўлиб қoлмоқда.

Бу йил мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигини «Бир Ватан, бир халқ — биргаликда янги ҳаёт ва ёрқин келажакни барпо этамиз!» шиори остида нишонламоқдамиз. Ушбу шиор иқтисодий тараққиёт, инсон салоҳияти ва халқаро ҳамкорлик уйғун равишда ривожланадиган Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасидаги умумий интилишларимизни ифодалайди.

Сўнгги 10 йил давомида Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида чуқур ислоҳотлар жараёнини бошдан кечирди. Мамлакат иқтисодиёти тобора очилиб, инвестиция ва тадбиркорлик учун имкониятлар кенгаймоқда, халқаро ҳамкорлар билан алоқалар мустаҳкамланмоқда. 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 7,7 фоизга ўсди, ялпи ички маҳсулот ҳажми эса 145 миллиард доллардан ошди. Ислоҳотлар дастуримизнинг муҳим таянчи бўлган олтин-валюта захиралари биринчи марта 60 миллиард доллардан ошди.

Инвестициялар ва экспорт ҳажми ҳам барқарор ўсиб бормоқда. 2025 йилда инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларни, экспорт эса 33,4 миллиард долларни ташкил этди. Жами инвестициялар ялпи ички маҳсулотнинг 31,9 фоизига тенг бўлиб, келгуси йилларда барқарор ва юқори иқтисодий ўсиш учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги нуфузи ҳам тобора мустаҳкамланмоқда. Етакчи халқаро рейтинг агентликлари мамлакатнинг суверен кредит рейтингини «BB-»дан «BB» даражасига кўтарди. 2025 йилда Ўзбекистон Жаҳон банкининг Ҳукумат технологиялари етуклик индексида (GTMI) 71 поғона юқорилаб, дунёдаги энг яхши 10 та мамлакат қаторига кирди.

Ўзбекистон халқаро сайёҳлар учун ҳам тобора жозибадор манзилга айланмоқда. 2025 йилда мамлакатимизга қарийб 12 миллион нафар сайёҳ ташриф буюрди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан қарийб 3,7 миллион нафарга ёки 46,8 фоизга кўпдир. Бу йил янги рекорд ўрнатишни кутмоқдамиз.

Ўзбекистон спорт соҳасида ҳам тарихий ютуқларга эришди. Илк бор миллий футбол жамоамиз жорий йилда АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказиладиган ФИФА Жаҳон чемпионатида иштирок этади. Ёш шахмат гроссмейстери Жавоҳир Синдоров ФИДЕ Жаҳон кубогининг тарихдаги энг ёш ғолибига айланди. Шунингдек, ўзбекистонлик спортчилар Осиё ёшлар Пара ўйинларида иштирок этган давлатлар орасида умумий ҳисобда энг юқори натижани қайд этдилар.

Ўзбекистон 2026 йил сентябрь ойида шахмат бўйича 46-Жаҳон олимпиадасига, 2027 йилда ФИФА U-20 Жаҳон чемпионатига ва 2029 йилда Осиё ёшлар ўйинларига мезбонлик қилиши режалаштирилган. Яқин кунларда Ўзбекистоннинг катта делегацияси 2026 йилда Айти-Нагояда бўлиб ўтадиган 20-Осиё ўйинлари ва 5-Осиё Пара ўйинларида иштирок этади.

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати очиқлик, ўзаро ҳурмат ва тенг шериклик тамойилларига асосланган бўлиб, Япония билан муносабатлар ушбу сиёсатда алоҳида ўрин тутади.

Япония 1991 йил декабрь ойида Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлатлардан бири бўлди. 1992 йил январь ойида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён икки мамлакат ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб, кенг қамровли шериклик даражасига кўтарилди.

Президент Мирзиёевнинг 2025 йил 18–20 декабрь кунлари Японияга амалга оширган расмий ташрифи стратегик шериклигимизни янада ривожлантиришда муҳим босқич бўлди.

Ташриф давомида Президент Мирзиёев Император ҳазратлари, Бош вазир Санаэ Такаичи, Парламентнинг ҳар икки палатаси раҳбарлари, Япония–Ўзбекистон парламентлараро дўстлик лигаси аъзолари, ҳукумат вакиллари, Нара шаҳри мэри ҳамда етакчи университетлар раҳбарлари билан учрашув ва музокаралар ўтказди. Шунингдек, йирик япон компаниялари ва молиявий институтлар раҳбарлари иштирокида бизнес-форум ва икки томонлама учрашувлар ташкил этилди.

Икки давлат раҳбарлари келажак авлодлар учун Япония ва Ўзбекистон ўртасида кенгайтирилган стратегик шериклик тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар. Бу Ўзбекистон–Япония муносабатларини янги босқичга олиб чиқди. Ташриф доирасида «Марказий Осиё плюс Япония» мулоқотининг биринчи саммити ҳам бўлиб ўтди. Унда ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилиб, Токио декларацияси қабул қилинди. Саммитга тайёргарлик доирасида қарийб 100 та иқтисодий келишувга эришилди.

Бугунги кунда икки мамлакат савдо, инвестициялар, саноат, энергетика, инфратузилма, таълим ва маданий алмашинув соҳаларида яқин ҳамкорлик қилмоқда. 2025 йилда икки томонлама савдо айланмаси 383 миллион долларни ташкил этди, япон компаниялари ва молиявий институтлари иштирокидаги лойиҳалар портфели эса 12 миллиард доллардан ошди. Ўзбекистонда, жумладан, Ўзбекистон–Япония инсон ресурсларини ривожлантириш марказини ҳам ўз ичига олган 120 дан ортиқ қўшма корхона ва ташкилот муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Ҳудудлараро алоқалар ҳам кенгайиб бормоқда. Тошкент ва Нагоя, Самарқанд ва Гифу, Самарқанд ва Нара, Наманган ва Хиросима, Наманган ва Дазайфу, Сирдарё ва Сайтама, Фарғона ва Точиги, Фарғона ва Чиба, Риштон ва Майдзуру, Хоразм ва Исикава ўртасида шериклик алоқалари ўрнатилган.

Таълим ва инсон ресурсларини ривожлантириш икки томонлама муносабатларимизнинг муҳим устунларидан бири бўлиб қолмоқда. Нагаока технология университети Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очди. Жорий йил июль ойида эса Цукуба университети билан Тошкентда қўшма университет ташкил этиш тўғрисида келишув имзоланди. Тоттори университети билан ҳамкорликдаги қўшма тадқиқот марказини октябрь ойида Самарқандда очиш режалаштирилган.

Ўзбекистон–Япония инсон ресурсларини ривожлантириш маркази халқларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда. Бугунги кунда Япония тили Ўзбекистондаги еттита университетда ўқитилмоқда. Токио хорижий тиллар университетида эса сўнгги ўн йилдан буён ўзбек тили ўргатиб келинмоқда.

Маданий алоқаларимиз ҳам жадал ривожланмоқда. Икки мамлакат мунтазам равишда маданият фестиваллари, кўргазмалар, ёшлар форумлари ва кинофестиваллар ўтказиб келмоқда. 2025 йилдаги Осака–Кансай ЭКСПО кўргазмасида «Билимлар боғи: Келажак жамияти лабораторияси» мавзусидаги Ўзбекистон миллий павильони «Мавзунинг энг яхши тақдимоти» номинациясида олтин медални қўлга киритди. Бу ЭКСПОнинг энг юқори мукофоти ҳисобланади.

Шунингдек, Ўзбекистон 2026 йил 24–27 сентябрь кунлари Токиода бўлиб ўтадиган Tourism Expo Japan 2026 кўргазмасида миллий стенд билан иштирок этиши кутилмоқда.

2027 йилда Ўзбекистон ва Япония дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллигини нишонлайди. Келажакка назар ташлар эканман, икки мамлакатимиз кенгайтирилган стратегик шерикликни янада чуқурлаштириши, халқларимиз ўртасидаги алмашинувларни мустаҳкамлаши ва ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратишига ишончим комил.

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлар эканмиз, келажакка катта ишонч ва оптимизм билан қараймиз. Бу келажакда Ўзбекистон ва Япония ишончли ҳамкорлар ва дўстлар сифатида биргаликда ҳаракат қилишда, халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда ва янги ҳамкорлик имкониятларини яратишда давом этади.