Термизда нуфузли анжуман
Термизда нуфузли анжуман
Шу йилнинг 22-23 ноябрь кунлари Термиз шаҳрида “Имом Бухорий, Доримий ва Термизий: муҳаддисликнинг Мовароуннаҳр мактаби” мавзуига бағишланган халқаро илмий конференция бўлиб ўтади. Ушбу анжуман Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 июлдаги “Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора–тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида такшкил этилмоқда.
Мазкур конференциянинг Термизийлар юртида ўтказилиши Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириб, умумтуркий маданий меросни биргаликда дунёга кенг тарғиб қилишда муҳим омил бўлади. Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида ўтказиладиган анжуманда 50 га яқин хорижлик ҳамда мамлакатимизнинг таниқли уламолари, етук олимлар, нуфузли университетлар, илмий-тадқиқот марказлари вакиллари иштирок этади.
Халқаро конференцияда Туркия, Қувайт, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия, Қирғизистон, Тожикистон каби ўнга яқин давлат вакиллари қатнашиш истагини билдирдган. Анжуман қатнашчилари Мовароуннаҳр муҳаддислик мактаби ва Имом Бухорий, Доримий, Термизийлар ҳақида кўплаб қизиқарли, маълумотларга эга бўлади. Шунингдек, қадимдан илм-фан ўчоғи бўлган мамлакатимизда мавжуд маданий меросга қардош миллат ва элатларни кенг жалб этиб, ёш авлоднинг халқларимиз тарихи ва миллий-маданий меросимизга меҳр-муҳаббатини янада оширишга хизмат қилади.
Икки кунга мўлжалланган конференциянинг ялпи ва шуьба йиғилишларида ислом оламининг машҳур уламолари, таниқли олимлар мавзу юзасидан қизиқарли маърузалари билан иштирок этади, деб хабар беради ЎзА. . Меҳмонлар Ҳаким ат-Термизий, Имом Абу Исо ат-Термизий, Султон Саодат каби буюк аждодларимиз хоки мангу қўним топган мажмуаларни зиёрат қилиб, қадимий вилоятнинг диққатга сазовор жойлари билан танишади.




