Темурийлар даврининг машҳур хаттоти

Темурийлар даврининг машҳур хаттоти

irlftjdhsteghsergawefswaegsweg.jpg

Чиройли ёзиш, ҳарф ва сўзнинг бошқа ҳарф ва сўзга нисбатан аниқ мувозанатини яратиш маъносидаги хаттотлик нафис санъатлар турига киради.

Узоқ тарихга эга. Хаттотлик санъати Темурийлар даврида ўз ривожи ва камолининг авж нуқтасига етди. Мир Али Табризий насҳ ва таълиқ хатларини бирлаштириб, настаълиқ хатини яратди. Бу даврда Темурийлар сулоласи вакили Бойсунғур Мирзо Қуръон кўчирувчи энг машҳур хаттот сифатида танилган эди.

 

Хаттотлик жаҳондаги барча маданиятларда кўзга ташланса-да, ушбу гўзал санъат тури Шарқда, жумладан, форсийзабон халқлар орасида катта аҳамият касб этади.

 

Ҳижрий-қамарий IV, милодий X аср бошларида Байзовий Шерозий номли хаттот «олти хат» номи билан машҳур бўлган қуйидаги ёзувларни яратди: муҳаққақ, райҳон, сулс, насх, риқў ва тавқи. Ушбу хат турларини бир-биридан фарқлаб турадиган жиҳат уларнинг ҳарфлар ва сўзлар шаклидаги фарқ ҳамда улардан ҳар бирининг юзаси ва атрофи нисбати билан боғлиқдир.

 

Темурийлар даврининг яна бир машҳур хаттоти Султонали Машҳадий бўлиб, Эроннинг Тошкентдаги элчихонаси яқинидаги кўча унинг номи билан аталган. Хўш, мазкур кўчадан ҳар куни ўтадиганлардан неча фоизи ушбу хаттот ва ориф тўғрисида маълумотга эга? Бу саволга жавобан қуйидагиларни айтиш мумкин:

 

Султонали Машҳадий номи билан танилган «Хаттотлар шоҳи» лақабли Низомиддин Султоний Темурийлар даврининг настаълиқ хатида ижод қилувчи машҳур хаттотларидан биридир. У Эроннинг Машҳад шаҳрида дунёга келган. Хаттотлик санъатида устозлик даражасига эришганидан кейин Султон Бойқаро саройига йўл олган.

 

Тарихчилар Султонали Машҳадийни ҳам ташқи кўриниши, ҳам ички олами гўзал бўлган бир инсон сифатида тасвирлашган. Айтишларича, у тақводор, покдомон ва орифмаслак бир киши бўлиб, хаттотликдан ташқари шеър ёзишга ҳам қизиққан. У ўз даврининг олимлари, санъаткорлари ва орифлари билан алоқада бўлиб, улар билан доимий мулоқот қилиб турган. У ўз рубоийларидан бирида ўз даврининг машҳур рассоми Камолиддин Беҳзодни соғиниб, шундай ёзади:

 

Фарзанди азизи аржумандам Беҳзод

Гаҳ-гаҳ гузараш бар ин тараф меюфтод.

Ў умри ман аст аз раҳи суврат, лекан

Умрест ки аз манаш намеояд ёд.

 

Мазмуни: Азиз ва қадрли фарзандим Беҳзоднинг йўли гоҳ-гоҳ бу томонга тушарди. У ҳаётимнинг мусаввирлик шаклидаги ҳосиласидир, аммо ушбу ҳосилада менинг ўзим эслатилмайман.

 

Султонали Машҳадий Темурийлар давлатининг олим ва маданиятпарвар вазири Амир Алишер Навоий билан ҳам яқин дўстона муносабатда бўлган. У Навоийнинг айрим асарлари, жумладан «Хамса» достонлар мажмуаси ҳамда шеърий девонларидан бирини кўчириб, мангуликка тортиқ этган.

 

У ўша даврда машҳур шоир ва ориф Абдураҳмон Жомий билан ҳам дўст тутиниб, унинг кўплаб асарлари, жумладан «Юсуф ва Зулайҳо» ва «Туҳфат ул-аҳрор» китобларини чиройли бир ёзувда кўчирган.

 

Бошқа олимлар ва шоирларнинг Султонали Машҳадий қалами билан кўчирилган асарлари жумласидан Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг «Муножотнома» асари, Хайём Нишопурийнинг рубоийлари, Низомий Ганжавийнинг «Махзан ул-асрор» достони, Ҳофиз Шерозийнинг шеърий девони, Султон Ҳусайн Бойқаронинг «Гул ва мул» рисоласи ҳамда шеърий девони, Саъдий Шерозийнинг «Гулистон» ва «Бўстон» асарлари ҳамда Хожу Кирмонийнинг шеърий девонини эслатиш мумкин. Ушбу асарлардан кўпчилиги чиройли хатда кўчирилган бўлиб, бугунги кунда жаҳоннинг турли музейлари ва кутубхоналарида қўлёзма ҳолатида сақланмоқда.

 

Султонали Машҳадий ўз даврининг кўплаб ёзувчилари, шоирлари ва орифлари асарларини кўчиришдан ташқари ўша замонда яшаб ўтган улуғ кишилар ва ҳукмрон табақалар вакиллари мақбараларидаги ҳамда Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридаги «Боғи Мурод» номи билан ҳам машҳур бўлган «Боғи Жаҳоноро» мажмуаси биноларидаги, шунингдек, Навоийнинг уйидаги ҳовуздаги мармартошлар юзасидаги битикларни ўзининг чиройли ёзуви билан безаган.

 

Султонали Машҳадийнинг энг муҳим асари хаттотлик қоидалари баёнига бағишланган шеърий рисоласи бўлиб, ушбу асар қўлёзмаси Россия Федерациясидаги кутубхоналардан бирида сақланмоқда.

 

Настаълиқ хатида ижод қилган хаттотлар орасида камдан-кам кишиларгина Султонали Машҳадийдек асрлар давомида шунчалик катта шуҳратга эга бўлиб келмоқдалар. Бунинг сабаби сифатида Султонали Машҳадийнинг ўзига хос маҳорати, ақл-заковати ва тиришқоқлигидан ташқари, унинг настаълиқ хати асосида хаттотликни ўргатишга бағишланган илк махсус рисола ёзганлигини, шунингдек, Темурийлар давлатининг маданиятпарвар вакиллари, жумладан Султон Ҳусайн Бойқаро ва Амир Алишер Навоийларнинг ушбу хаттотни қўллаб-қувватлаганликлари ҳамда унинг кўплаб шогирдлар тарбиялаганлигини эслатиш мумкин.

 

Ўтган замонларда полиграфия саноатининг мавжуд бўлмаганлигига қарамасдан у даврлар олимлари, ёзувчилари, шоирлари ва сўфийларининг асарлари келажак авлодларга етиб келган. Султонали Машҳадий каби самарали ижод қилган тиришқоқ хаттотлар хотираси ҳамиша эҳтиромда.

 

 

 

Ҳамид НАЙЙИРОБОДИЙ,

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги

Фавқулодда ва мухтор элчиси

ЎзА