Сурхондарёда қадимий девор топилди

Сурхондарёда қадимий девор топилди

 

 tatcapticapicapi.jpg

 

Сурхондарё вилоятининг Денов туманида Термиз давлат университети археология кафедрасининг қадимшунос ўқитувчиси Сарвар Тўраев қарийб 5 километрга чўзилган қадимий девор қолдиқларини аниқлади.

Қадимшунос дуч келган қадимий девор Денов туманининг шимолий-ғарбий қисмини ўраган Ҳисор тоғ тизмаси тизимидаги Сурхонтоғ тоғи этаклари – Кўкабулоқ, Юқори Ойбарак ҳамда Даҳана қишлоқлари ўртасида чўзилган. Шу ерлик аҳоли деворни “Кофирқалъа” ёки “Кофирдевор” дея атаб келган. Қадимий деворнинг топилиши нафақат маҳаллий, балки хорижлик археолог олимларда ҳам катта қизиқиш уйғотди.

Археолог Сарвар Тўраевнинг айтишича, Кофирдевор тоғдан эниб келувчи Обдара сойи бўйидан бошланган ва ғарбга қараб қирлар устидан ва айрим тик қирлар ёнидан ўтказиб барпо этилган. Яқинда Ўзбек-Чех қўшма археологик экспедицияси Кофирдеворда дастлабки кузатув ва қидирув ишларини олиб борди. Илк изланиш чоғида қадимий деворга оид қатор қизиқарли маълумот ва артефактлар юзага чиқди. Деворнинг узунлиги Обдара сойидан шимолга йўналиб, баланд қояликка, ундан сўнг бошланувчи табиий каньонга бориб тугашигача 4 минг 300 метр атрофида экани аниқланди. Девор харобаларининг эни 4-6 метр, баъзи жойларда 13 метргача етади. Тик қоялик ҳамда қир усти табиий қисқарган жойларда 1-1,5 метрни ташкил этади.

Девор асосан тошдан бунёд этилган бўлиб, уларни бириктириш учун лой аралаштириб қурилган.