Сунъий интеллект ва рақамлаштириш соҳасидаги вазифалар
Сунъий интеллект ва рақамлаштириш соҳасидаги вазифалар

Президент Шавкат Мирзиёев сунъий интеллект ва рақамлаштириш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан тақдимот билан танишди.
Мамлакатимизда рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий қилиш орқали иқтисодий ўсишни жадаллаштириш ҳамда инсонлар ҳаётини енгиллаштиришга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ, АТ хизматлари ва дастурий маҳсулотлар экспортини 5 миллиард долларга етказиш, соҳада 300 минг нафар ёшларни банд қилиш ҳамда БМТнинг Электрон ҳукумат индексида юртимизни дунёнинг етакчи 30 давлати қаторига киритиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Сўнгги йилларда рақамлаштириш соҳасининг мамлакатимиз иқтисодиётига таъсири сезиларли даражада ошган. Охирги беш йилда соҳадаги ялпи қўшилган қиймат ўртача 24,8 фоизга ўсиб, мазкур кўрсаткич ЯИМ ўсиш суръатларидан 3,5 баробар юқори бўлган. Ахборот ва алоқа тармоғида банд бўлганлар сони 2017 йилдаги 64,3 минг нафардан 108,8 минг нафарга, ўзини ўзи банд қилганлар сони эса 10 мингдан 181 минг нафарга етган. Ҳозирги кунда соҳада 11 минг 900 дан зиёд корхона фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг қарийб 1,4 мингтаси хорижий капитал иштирокида ташкил этилган.
Шу билан бирга, ҳозирда сунъий интеллект йўналишида 100 га яқин амалий лойиҳа ва 200 дан ортиқ тажриба-синов ташаббуслари бошланган. Жумладан, Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 3-мис бойитиш фабрикасида сунъий интеллект ёрдамида ишлаб чиқариш занжирини реал вақт режимида таҳлил қилиш йўлга қўйилгани натижасида энергия сарфи 10 фоизга, таннарх 15 фоизга қисқарган, меҳнат унумдорлиги эса 10 фоизга ошган.
Давлатимиз раҳбари сунъий интеллект ва рақамлаштириш бугунги кунда фақат технологик янгиланиш эмас, балки иқтисодиёт самарадорлиги, давлат бошқаруви сифати, хизматлар қулайлиги, экспорт салоҳияти ва мамлакат рақобатбардошлигини белгилайдиган стратегик йўналиш эканини таъкидлади. Соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.