Султон Саодат меъморий мажмуи
Султон Саодат меъморий мажмуи

Сурхондарё бой маданият ва маърифат ўчоғи сифатида танилган. Воҳада кўплаб азиз-авлиёлар, уламо ва фузалолар мангу қўним топган
Термиз шаҳрининг шимоли-шарқий қисмида Султон Саодат (Саййидлар султони) номи билан машҳур меъморий ёдгорлик мажмуаси мавжуд. Тарихнинг гувоҳлик беришича, IХ асрда юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган Термиз саййидлари хонадони шаклланган. Марказий Осиё саййидларининг кўпчилиги ўз келиб чиқиш тарихини шу хонадон билан боғлаши бежиз эмас.
Xl-XVII асрларда қад ростлаган мажмуа 20 га яқин мақбарадан иборат. Аждодларимиз томонидан турли асрларда яратилган пештоқ ва гумбазли чорсу хонали салобатли иморатлар ўз даврида бўртма равоқлар, сержило нақш ва тўлқинли ганч безаклари асосида юксак дид билан безатилган.
Мажмуанинг негизида 2 та мақбара жойлашган бўлиб, улар жоме масжид вазифасини бажарувчи айвонлар билан бирлаштирилган. Мақбаралар гумбазлар билан ёпилган аркали композициялар бўлиб, уларнинг ичкарисида пишган ғиштлардан қурилган сағоналар жойлашган. Уларда декоратив нақшларнинг қолдиқлари қисман сақланиб қолган.
XV асрнинг иккинчи ярмида яна иккита бино бир-бирига параллел равишда қурилди ва қатордаги баъзи бинолар айвонлар ёрдамида бирлаштирилди. XVI-XVII асрларда турли даврларга оид мақбаралардан иборат ички ҳовли қурилган. Бу чиндан ҳам ажойиб ансамбль бўлиб, турли хил услублар ва турли хил даврларга тегишли бўлган мақбаралар билан ажралиб туради, аммо шунга қарамай улар тузилиш ва декорация қоидаси асосида бир бири билан боғланади.

Манбаларда қайд этилишича, сўлим ва сокин бу гўшада Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг қизлари Фотима онамизнинг бешинчи авлод набираси Ҳасан ал-Амир мангу қўним топган. Бу улуғ зот Термиз саййидларининг султони бўлган.
Мутахассислар фикрича , Ҳасан ал-Амир ўз яқинлари билан Самарқандга кўчиб келган. Бу ерда ўн бир йил яшаб, Балхга кўчади. Тахминан 865 йилда Термизга келиб, яшаб қолган. Вафот этгач, шу ерда дафн этилган. Асрлар давомида ушбу мўътабар зотнинг авлодлари учун ҳам бу ерда маҳобатли мақбаралар қурилган.
Эндиликда меъморий обида мамлакатимиз ва хорижлик сайёҳлар кўп келадиган масканлардан бирига айланган.




