Шота Руставели кўчасида транспорт ҳаракати бўйича янги тартиблар

Шота Руставели кўчасида транспорт ҳаракати бўйича янги тартиблар

 

yvayvayvayvpppyvpv.jpg

 

      Тошкент шаҳридаги Шота Руставели кўчасида транспорт ҳаракати бўйича янги тартиблар жорий этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

      Маълумотга кўра, 2025 йил 7 октябрдан бошлаб Шота Руставели кўчасида марказий автобус йўлаги (BRT йўлаги) фаолияти йўлга қўйилмоқда. Лойиҳанинг биринчи босқичида 37-, 57- ва 58-сонли автобуслар айнан йўлнинг ўрта қисмида жойлашган махсус ажратилган йўлак орқали ҳаракатланади.

     Лойиҳа мақсади

     Транспорт вазирлигига кўра, янги тизимнинг асосий мақсади — жамоат транспортига устуворлик бериш, тирбандликларни камайтириш ва йўловчилар учун қулай ҳамда хавфсиз шароит яратишдан иборат.

     Йўловчилар учун қоидалар

• Автобуслар энди йўлнинг ўрта қисмидаги мутлақо махсус йўлак орқали ҳаракатланади.

• Йўловчилар автобусга чиқиш ва тушишни йўл ўртасида қурилган махсус платформалардаги бекатлар орқали амалга оширадилар.

• Платформага фақат белгиланган пиёдалар ўтиш жойлари орқали чиқиш мумкин. Белгиланмаган жойдан ўтиш қатъиян ман этилади.

     Автобусни фақат олд томонидан айланиб ўтиш лозим. Платформада сариқ хавфсизлик чизиғидан орқада туриш талаб этилади, автобус тўлиқ тўхтагачгина эшикка яқинлашиш мумкин.

    Илк навбатда кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва болали йўловчиларга йўл берилиши лозим.

     Ҳайдовчилар учун талаблар

     Шота Руставели кўчасининг ўрта қисмидаги йўлак фақат автобуслар учун мўлжалланган. Бошқа транспорт воситалари учун мазкур йўлакда ҳаракатланиш, тўхташ ёки йўлни кесиб ўтиш қатъиян тақиқланади. Икки йўналишда ҳам чапга бурилиш ва ортга қайрилиш тақиқланган. Автобус йўлагига яқин кесишмаларда ҳайдовчилар автобусларга устуворлик бериши шарт.

Чапга бурилиш ёки қайрилиш зарур бўлганда, фақат белгиланган чорраҳалар орқали ҳаракатланиш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, Шота Руставели кўчасидаги марказий автобус йўлаги лойиҳаси Тошкент шаҳри жамоат транспорти тизимини ривожлантириш ва аҳоли учун тезкор, хавфсиз ҳамда қулай транспорт хизматларини яратиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.