Сентоб – энг яхши туризм қишлоғи

Сентоб – энг яхши туризм қишлоғи

 

oarolpropro.jpg 

 

Самарқандда бўлиб ўтган Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессиясида Навоий вилояти Нурота туманидаги Сентоб қишлоғи “Энг яхши туризм қишлоғи” деб эътироф этилди. Нурота тумани марказидан 120 километр узоқда жойлашган Сентоб қишлоғи ҳудуддаги диққатга сазовор сайёҳлик йўналишларидан биридир.

Сентоб Нурота тоғларининг шимолий ён бағрида жойлашган бўлиб, қўшни Жиззах вилоятининг Фориш тумани билан чегарадош. Қарийб 3 минг нафар аҳоли истиқомат қиладиган бу маскан ўзининг қадим тарихи, маданий-мероси, ўтмиши, миллий қадриятлари ва урф-одатларининг бугунги кунга қадар сақланиб қолганлиги билан бошқа қишлоқлардан ажралиб туради.

Қоя тошларга ишланган V-VI асрларга оид петроглифлар, тоғ тепасидаги кўҳна қўрғон қолдиқлари, XI-XVIII асрларга оид тошга ўйилган ёзувлар ҳамда қишлоқнинг энг юқори нуқтасидаги Фозилмон кўли диққатга сазовор жойлардир.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида Навоий вилоятида зиёрат ва экотуризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида Нурота туманида “Сентоб” туризм қишлоғини ташкил қилиш кўзда тутилган.

“Туризм қишлоғи” мақомини олган ҳудудда 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатиб, бу ерда 20 та оилавий меҳмон уйи, 2 та меҳмонхона ҳамда 15 турдаги туризм хизмати йўлга қўйилган.

Қишлоққа Англия, Германия, Франция, Австрия, Россия ва бошқа давлатлардан хорижий сайёҳлар ташриф буюришмоқда. Бу ерга ўртача бир кунда 300 нафар, бир йилда эса қарийб 45 минг нафар сайёҳ ташриф буюрмоқда.

Сентоб қишлоғи инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида қишлоққа олиб борувчи 5 км ички йўл таъмирланди, тунги ёритиш чироқлари, 2 та пиёдалар кўприги, 2 та сельфи ҳудуд, 3 та санитария-гигиена шохобчаси, Сентоб қишлоғининг рамзий кириш стеллажи, 1 та туристик ахборот маркази қурилди.