Себзор даҳаси қозиси Муҳаммад Муҳиддинхожа фаолиятига оид ҳужжатлар

Себзор даҳаси қозиси Муҳаммад Муҳиддинхожа фаолиятига оид ҳужжатлар

sdsznoaprpvv.jpg

       Тошкент шаҳрининг  тарихи, тарихий топографияси, шаҳар аҳолисининг ўтмишдаги ҳаётини ўрганиш учун мозий муаррихлари томонидан яратилган тарихий асарлардан ташқари ҳужжатлар ҳам маълум аҳамиятга эгадир. Ўзбекистон Марказий Давлат архивида Ф. И-164 рақами остида сақланаётган “Тошкент қозикалони” деб аталувчи ҳужжатлар жамғармаси орасида айрим узилишлар билан 1869-1892 йилларда Тошкент шаҳрининг Себзор даҳаси қозиси бўлган Муҳаммад Муҳиддинхожа номи билан боғлиқдир. Мазкур жамғармадаги 58 жилдда жами 800 дан ортиқ ҳужжатлар сақланади ва улар асосан ўзбек ва форс-тожик тилидадир. Ҳужжатлар замон жиҳатидан 1822 йилдан 1922 йилгача бўлган даврни қамраб олади.

gnoerapav.jpg

        Ушбу ҳужжатларда Тошкент шаҳрининг ўша даврдаги  бир қатор маҳалла, кўча, анҳор, гузарлари номлари зикр қилинади. Қозилик ҳужжатларида ҳуқуқ субъекти сифатида иштирок қилган кишиларнинг исми шарифлари, баъзан ёшлари, касбу корлари, ҳатто жисмоний белгилари ҳақида маълумот берилади. Ҳужжатларни мазмунига кўра олди-сотти, ибро (Ибро туридаги васиқаларда одатда  берилган қарз қарздор томонидан қайтарилгани ва қарз берган кишининг бошқа ҳеч қандай даъвоси йўқлиги таъкидланган), ижара хати каби турларга ажратиш мумкин.

        Жамғарманинг “Тошкент қозикалони” деб аталишининг сабаби эса ундаги қатор ҳужжатлар 1863 йилда Қўқон тахтига ўтирган Султон Сайидхон (1863-1865) томонидан Тошкент шаҳри қозикалони мансабига тайинланган ва 1865 йилда Тошкент руслар тарафидан ишғол қилингач ҳам ўз мансабида қолган Ҳакимхожа Эшон ибн Норхожа, яъни  Муҳаммад Муҳиддинхожанинг отаси фаолиятига оидлигидир.

        1869 йилда Туркистон генерал-губернатори К.П. фон Кауфман (1867-1881) Тошкентда қозикалон мансабини бекор қилади ва шу йили ўз вазифасидан четлаштирилган Ҳакимхожа Эшон вафот этади. Унинг ўғли Муҳаммад Муҳиддинхожа Себзор даҳаси қозилигига сайланади. У ўз даврининг маърифатли кишиларидан бўлиб, шоир Фурқат билан дўстона муносабатда бўлган. Фурқат ўз эсдаликларида Тошкентда бўлганида  Муҳаммад Муҳиддинхожа хонадонида ҳам тургани, қозининг ақраболари ва ёру дўстлари билан биргаликда театр томошасига борганликлари ҳақида маълумот беради.  Муҳиддинхожа ўз шахсий кутубхонасига ноёб қўлёзма китобларни йиққани ҳам маълум. Масалан, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарининг XVII асрда Самарқандда кўчирилган ва нафис мусавваралар билан безатилган бир нусхаси унинг кутубхонасида сақланган. Кейинчалик ушбу нусха асарнинг 1972 йили Тошкентда амалга оширилган факсимиле нашрига асос бўлди.

         Шуни таъкидлаш лозимки, ота-ўғил қозилар – Ҳакимхожа Эшон ва Муҳаммад Муҳиддинхожанинг фаолиятларига оид юзлаб ноёб ҳужжатлар ҳалигача кенг кўламда тадқиқ этилмаган эди. Биз Ўзбекистон Марказий Давлат архивида сақланаётган “Тошкент қозикалони” жамғармасидаги Муҳаммад Муҳиддинхожа фаолиятига оид 200 дан зиёд ҳужжатнинг илмий тавсифини амалга оширдик.

         Мазкур ҳужжатларда Тошкент шаҳрининг ўша даврдаги  бир қатор маҳалла, кўча, анҳор, гузарлари номи зикр қилинади. Қозилик ҳужжатларида ҳуқуқий шахс сифатида иштирок қилган кишилар исми шарифи, баъзан ёши, касбу кори, ҳатто, жисмоний белгилари ҳақида ҳам маълумот берилади. Ҳужжатларни мазмунига кўра олди-сотти, ибро, ижара хати каби турларга ажратиш мумкин.

         Албатта, архивлар ва қўлёзмалар хазиналаридаги ўз тадқиқотчиларини кутиб турган минглаб ҳужжатлар атрофлича ўрганилса, Тошкент тарихи ва шаҳар аҳолисининг ўтмишдаги турмушига доир қатор муҳим маълумотлар қўлга киритилиши шубҳасиз.

         Ҳозиргача “Тошкент қозикалони” ҳужжатлар жамғармасидаги 200 дан ошиқ ҳужжатнинг ўзбек тилидаги батафсил тавсифи тузиб чиқилди. Бу ишни пойтахтимиз тарихига оид ноёб ҳужжатларнинг кенг кўламда тадқиқ этилишининг бошланиши, деб баҳолаш мумкин. Ҳужжатларда учрайдиган ўнлаб жой номларидан баъзилари ҳозиргача қўлланилса, баъзилари эса унутилиб кетган. Тадқиқот жараёнида қўлга киритилган илмий натижалар Тошкент шаҳрининг маҳалла ва мавзеларининг асл номини тиклаш ишларида тегишли муассасалар томонидан фойдаланилиши мумкин.

Шовосил Зиёдов 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директории,

 тарих фанлари номзоди, доцент

 Ғулом Карим