Шавкат Мирзиёев: «Мен умримни шу халққа тикканман!»
Шавкат Мирзиёев: «Мен умримни шу халққа тикканман!»

Президентнинг яқинда Жиззахда вилоят фаоллари билан учрашувдаги маърузасида бир нуқта кўпчиликнинг эътиборини тортди. Унда давлатимиз раҳбари шундай деган эди:
«Худо менга соғлиқ бериб, умр берса, бизда камбағаллик ва ишсизлик бўлмайди. Нимага десангиз, бунга мен етти йил умримни тикдим. Тизим яратдим, қонун яратдим, дунёни очиб бердим. Халқим яхши яшасин, ниятлари амалга ошсин, болалари бахтли бўлсин, неваралари соғлом туғилсин, мактаби ишласин, йўллари равон бўлсин деб ишга келдим...».
Ёзилган нутқдан ташқарига чиқиб айтилган ушбу мулоҳазалар одамларни фавқулодда сергаклантирди. Эҳтимол, шундандир айни иқтибос матбуот ва ижтимоий тармоқларда кўп «айланди».
Нега? Чунки бу сўзлар самимий ва чин юракдан айтилган эди.
Орадан кўп вақт ўтмай оммавий ахборот воситалари саҳифаларида мамлакатимиз ҳаёти учун ўта муҳим бўлган икки хабар тарқалди.
Биринчиси – Жаҳон банкига тегишли. Унда шундай дейилади: «Ўзбекистон камбағаллик даражасини 2021 йилдаги 17 фоиздан 2023 йилда 11 фоизга камайтирди, қишлоқ жойларида (8 фоиз) шаҳарларга (4 фоиз пункт) нисбатан каттароқ пасайиш кузатилди. 1,6 миллионга яқин одам камбағалликдан чиқиб кетди.
Иккинчи мана бу хабарга эса Марказий банк масъул: «2023 йил якунига кўра, – дейилади унда, – Ўзбекистонда жами иш билан банд бўлган аҳоли сони 312 минг кишига ёки ўтган йилга нисбатан 2,3 фоизга ошди».
Қайд этилишича, ўтган йилнинг иккинчи ярим йиллигидан бошлаб меҳнат бозори кўрсаткичлари яхшиланишда давом этмоқда. Жумладан, жорий йилнинг январь ойига келиб иқтисодиётдаги ишсизлик даражаси сезиларли даражада камайиб, 6,8 фоизни ташкил қилган. Бандликка асосий ҳисса қўшган соҳалар қурилиш ва савдо тармоқлари бўлиб, қишлоқ хўжалигида банд бўлганлар миқдори эса камайган. Шунингдек, меҳнат бозоридаги бўш иш ўринлари (сони билан ўлчанадиган ишчи кучига бўлган талаб 14 фоизга ошди.
Қудратилла РАФИҚОВ,
сиёсатшунос (ЎзА)