Шавкат Мирзиёев иштирокида Ўзбекистон халқ артисти Фарруҳ Зокировнинг 80 йиллиги нишонланди
Шавкат Мирзиёев иштирокида Ўзбекистон халқ артисти Фарруҳ Зокировнинг 80 йиллиги нишонланди

Тошкентдаги Кўксарой қароргоҳида 15 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида миллий эстрада санъатининг ёрқин намояндаси, Ўзбекистон халқ артисти Фарруҳ Зокировнинг 80 йиллик таваллуд айёми муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва санъат намояндалари, ижодкор зиёлилар, «Ялла» ансамбли аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Миллий санъат ва маданиятни ривожлантириш йўлидаги кўп йиллик беқиёс хизматлари учун Фарруҳ Зокировга «Буюк хизматлари учун» ордени топширилди.
Давлат раҳбари сўзга чиқиб, Фарруҳ Зокировни ушбу қутлуғ сана билан самимий қутлади, унга сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик ва янги-янги ижодий ютуқлар тилади.
Тадбирда Фарруҳ Зокиров нафақат халқимиз, балки бутун Марказий Осиё, Ҳамдўстлик мамлакатлари ва туркий элларнинг севимли санъаткори экани таъкидланди. Унинг Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти деган фахрий унвонлар билан бир қаторда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Татаристон, Бошқирдистон ва Ингушетия халқ артисти деган юксак унвонларга сазовор бўлгани унинг ижодига берилган катта баҳо сифатида қайд этилди.