Саудия ҳукумати ноқонуний Ҳаж учун жазо чораларини эълон қилди
Саудия ҳукумати ноқонуний Ҳаж учун жазо чораларини эълон қилди
Саудия Арабистони ички ишлар вазирлиги жорий йилги мавсум – 29 апрелдан 10 июнга қадар Ҳаж зиёратига бориш учун рухсатнома тартибларини бузган, шунингдек, бундай ҳуқуқбузарликларга кўмаклашган шахсларга жазо чораларини эълон қилди.
Қироллик ички ишлар вазирлигига кўра, Ҳаж зиёратига бориш учун рухсатнома тартибларини бузганлар учун жазо чоралари жорий йил Ҳаж мавсумида – 29 апрелдан 10 июнга қадар қўлланади. Хусусан:
1. Рухсатномасиз Ҳаж зиёратини адо этаётган ёки қилмоқчи бўлган шахслар, шунингдек, кўрсатилган муддат давомида Макка шаҳри, муқаддас қадамжоларга киришга ёки қолишга уринган барча турдаги зиёрат визаси эгаларига 20 000 Саудия рияли – тақрибан 5,3 минг долларгача жарима солинади.
2. Ташриф визаси орқали Ҳажни рухсатсиз бажаришга уринган ёки Макка ва муқаддас жойларга кирган шахслар учун виза олганларга 100 минг Саудия рияли – тақрибан 26,6 минг долларгача жарима қўлланади. Бу жарима ҳар бир виза олинган шахс учун алоҳида ҳисобланади.
Шунингдек, рухсатномасиз шахсларни Макка ёки муқаддас жойларга ташиганлар, уларни яширишга уринганлар, меҳмонхоналар, квартиралар, хусусий уйлар ёки Ҳажга мўлжалланган бошқа жойларда жойлаштирганларга ҳам худди шу миқдорда жарима (тақрибан 26,6 минг долларгача) солинади. Бу уларга ёрдам кўрсатган ёки яширган ҳар бир шахс учун алоҳида-алоҳида ҳисобланади.
3. Қонунга хилоф равишда Ҳажни адо этишга уринган шахслар, уларнинг яшаш муддати тугаган бўлса ёки ноқонуний равишда яшаётган бўлса, ўз юртига депортация қилинади ва 10 йил давомида Саудия Арабистонига кириши тақиқланади.
4. Ташриф визасига эга бўлган шахсларни Макка ёки муқаддас жойларга ташишда фойдаланилган транспорт воситалари, агар улар ташувчи ёки ёрдам берган шахсларга тегишли бўлса, суд томонидан мусодара қилинади.
Аввалроқ, Саудия ички ишлар вазирлиги, Қироллик ҳудудида виза муддати тугагач чиқиб кетмаган хорижликлар учун 50,000 саудий рияли – 13,3 минг долларгача жарима, 6 ойгача қамоқ ва депортация жазолари белгиланганини маълум қилганди.