Шароф Рашидов: давлат арбоби ва адиб

Шароф Рашидов: давлат арбоби ва адиб

Возможно, это черно-белое изображение (2 человека и текст)

      Шароф Рашидов — йирик давлат арбоби ва таниқли адиб, 1917 йил 6 ноябрда Жиззах шаҳрида деҳқон оиласида туғилган. У Жиззахдаги педагогика техникумида ўқиган, 1941 йилда эса Самарқанд давлат университетини тамомлаган. Фаолиятини муаллим ва мухбир сифатида бошлаб, 1938–1941 йилларда Самарқанд вилоятининг “Ленин йўли” газетасида ишлаган. Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, фронтдан қайтгач, 1944–1947 йилларда Самарқанд вилоят партия ташкилотининг котиби бўлиб фаолият кўрсатган.
      Шароф Рашидов фаолияти давомида “Қизил Ўзбекистон” газетасида муҳаррир, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси раиси, Ўзбекистон Олий Кенгаши раёсати раиси, Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби лавозимларида ишлаган. Унинг ижоди 1930 йилларнинг иккинчи ярмида бошланиб, “Самарқанд куйлари” номи билан биринчи шеърий тўпламини эълон қилган. Адиб “Бўрондан кучли”, “Ғолиблар” ва “Қудратли тўлқин” романлари муаллифидир. Унинг ижодкор сифатида истеъдодини яққол акс эттирган асари — “Кашмир қўшиғи” бўлиб, бу асар адабиётимизда ёрқин из қолдирган.
      Ислом цивилизацияси марказида Шароф Рашидов давридаги илмий ва маданий тараққиётга бағишланган махсус лойиҳа тайёрланмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида видеофильм ишланиб, меъморчилик, санъат, адабиёт ва театр соҳаларидаги ютуқлар акс эттирилади. Шунингдек, Рашидов бошқаруви давридаги тарихий даврни ёритувчи эксклюзив экспонатлар ҳам экспозицияга киритилиши режалаштирилган.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати