“Шарқ бозори” халқаро миллий маданият фестивали
“Шарқ бозори” халқаро миллий маданият фестивали
Татаристон пойтахтида «Шарқ бозори» халқаро миллий маданият фестивали бўлиб ўтди. Фестивалда Ўзбекистон маданияти ва санъати кенг тарғиб этилди. Фестивалда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон санъат усталари, рассомлар ва миллий амалий санъат усталари иштирок этдилар.
Ўзбекистон вакиллари Ақилбек Пиязов, «Сабо» миллий рақс ансамбли ва «Айқулаш» Қорақалпоқ миллий фольклор ансамбли фестиваль совриндорлари қаторидан жой олишди.
Ўзбекистон делегацияси фестивалда иштироки давомида Татаристон раҳбарияти, Маданият, Спорт вазирликлари ва Туризм давлат қўмитаси мутасаддилари билан учрашувлар ўтказди. Унда туризм, маданият ва таълим соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, театр соҳасини ривожлантириш, ҳунармандчилик мактаблари, таълим туризми каби соҳаларда алоқаларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Нукус филиали ва Қозон давлат маданият институти ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича «йўл харитаси» ҳамда Қорақалпоғистон давлат ёш томошабинлар театри ва Қозон давлат ёш томошабинлар театри ўртасида англашув меморандуми имзоланди.