Шаҳрисабз доимий эътиборда
Шаҳрисабз доимий эътиборда

ЮНEСКО Умумжаҳон мероси қўмитаси сессиясида Ўзбекистон учун ижобий қарорлар қабул қилинди.
Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
16-31 июль кунлари Бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ЮНEСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг кенгайтирилган 44-сессиясида онлайн иштирок этди.
Делегация томонидан умумжаҳон маданий мероси объектлари ҳисобланган “Шаҳрисабзнинг тарихий маркази”, “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси”, “Бухоронинг тарихий маркази” ва Хивадаги “Ичан-қалъа”, шунингдек, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон иштирокидаги кўп миллатли табиий мерос объекти бўлмиш “Ғарбий Тянь-Шань” бўйича Ўзбекистон учун ижобий қарорлар қабул қилиниши таъминланди. Сессия доирасидаги барча қарорлар Умумжаҳон мероси қўмитасига аъзо давлатларнинг Ўзбекистон позициясини тўлиқ қўллаб-қувватлаши билан овоз бериш жараёнисиз қабул қилинди. Бу сўнгги йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат маданий меросини муҳофаза қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари доирасида ЮНEСКО раҳбарияти, Жаҳон мероси маркази ҳамда консультатив ташкилотлар (ИКОМОС, ИCCРОМ) билан тизимли ва самарали равишда олиб борилган меҳнат маҳсулидир.
Ушбу масала шунингдек, жорий йилнинг 20 май куни ЮНEСКО бош директори Одри Азуленинг Венеция архитектура биеналлесидаги миллий павильонимизнинг очилиш маросимидаги иштироки давомида ҳам муҳокама этилган. Сессия якунига кўра, ЮНEСКО 2020 йилда ҳукм сурган қатъий карантин чекловлари шароитида Ўзбекистон томондан барча вазифаларни амалга ошириш учун кўпроқ вақт талаб этилишини инобатга олган ҳолда, “Шаҳрисабз тарихий маркази” объектини тиклаш бўйича вазифалар ижроси муддатини яна бир йилга узайтирди.
Қарорларда Ўзбекистон Республикасига шаҳарлар бош режаси ва объектлар бошқаруви комплекс режаларини тайёрлаш ҳамда ваколатли ташкилотларнинг тавсияларига амал қилишга доир алоҳида чорловлар киритилган.
Сессияда шунингдек, Ўзбекистоннинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш учун таклиф қилинган объектлари бўйича янгиланган рўйхат тасдиқланди. Дастлабки рўйхат республика бўйлаб жойлашган 32 маданий, табиий ва маданий-табиий (аралаш) мерос объектини ўз ичига олган, бу минтақанинг бошқа давлатларига нисбатан энг юқори кўрсаткичдир.
Маълумот учун: Россияда бу кўрсаткич – 28, Украинада – 17, Тожикистонда – 17, Қозоғистонда – 14, Туркманистон ва Озарбойжонда 10 тадан, Арманистонда – 4 та ва Қирғизистонда 2 тани ташкил қилади.
ЎзА




