Сарчашмада илк сунъий музлик

Сарчашмада илк сунъий музлик

 

paoapoaporapoapopaopar.jpg

 

       Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Сарчашма маҳалласида Ўзбекистонда илк бор сунъий музлик объекти барпо этилди. Лойиҳа БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилот ваколатхонаси ташаббуси билан Экология ва қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари ҳамкорлигида амалга оширилди.

       Лойиҳада гуруҳ раҳбари сифатида фаолият юритаётган Шерзод Низомовнинг таъкидлашича, мазкур ташаббус ФАОнинг “FOLUR” лойиҳаси доирасида илгари сурилди. Дастлаб қўшни Қирғизистоннинг Боткент вилояти Лайлак туманидаги Сумбула ҳудудида барпо этилган сунъий музликлар тажрибаси ўрганилди.

       Қашқадарё вилоятидаги бир қатор тоғли ҳудудлар ўрганилиб, иқлим ва логистика имкониятлари инобатга олинган ҳолда Сарчашма маҳалласи танланди. Қурилиш ишлари жорий йил 10 январь куни якунланди. Қиш мавсумининг илиқ келишига қарамасдан, 20 кун ичида муз етарли ҳажмда шаклланди.

       Лойиҳа доирасида 4 та махсус устун барпо этилган бўлиб, ҳар бири 400 куб метргача муз тўплаш имконига эга. Муз эриши натижасида тахминан 250 куб метр сув ҳосил бўлади. Жами қувват минг куб метрга яқин сув захирасини шакллантиради.

      Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, бу миқдор бир гектар буғдой майдонини суғориш ёки 20 та оилани 3 ой давомида ичимлик суви билан таъминлаш имконини беради. Муз эриш жараёни одатда 10 мартдан бошланиб, 20 июлга қадар давом этади.

      Лойиҳанинг иккинчи босқичида музлик атрофида махсус ҳавза барпо этилиб, эриган сувни йиғиш ва қувурлар орқали аҳолига етказиш режалаштирилган.