Саноат учун муҳим минераллар хомашё базаси ривожлантириладт

Саноат учун муҳим минераллар хомашё базаси ривожлантириладт

 

uubuipopppo.jpg

 

Президент Шавкат Мирзиёев саноат учун муҳим минераллар хомашё базасини ривожлантириш ҳамда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш юзасидан тақдимот билан танишди.

Дунёда технологик металлар ва муҳим минералларга талаб кескин ортиб бормоқда. Электротехника, машинасозлик, авиация, энергетика, тиббиёт ва бошқа юқори технологияли тармоқлар учун зарур бўлган бундай хомашё ва маҳсулотлар иқтисодий хавфсизлик ҳамда саноат рақобатбардошлигининг муҳим омилига айланмоқда.

Мамлакатимизда бу йўналишда катта салоҳият бор. Лекин ҳозирги вақтда Ўзбекистон технологик металлар комбинатининг асосий фаолияти асосан вольфрам ва молибден ишлаб чиқариш билан чекланиб қолмоқда. Ваҳоланки, янги конларни ўзлаштириш, бойитиш фабрикалари, гидро ва пирометаллургия заводларини қуриш орқали 28 турдаги муҳим минералларни саноат даражасида ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.

Тақдимотда ушбу салоҳиятни тўлиқ ишга солиш бўйича 2026-2030 йилларга мўлжалланган режалар кўриб чиқилди. Унга кўра, умумий қиймати 4,2 миллиард долларлик 120 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Бу орқали тармоқ ҳажмини 2028 йилгача 1 миллиард долларга, 2030 йилгача 2 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги қайд этилди.

Жорий йилнинг ўзида 166 миллион долларлик 12 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Натижада юқори софликдаги селен, теллур ва рений каби 3 турдаги янги металл, кукун металлургияси асосида автодеталлар сингари 21 турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳамда сульфат кислотаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шунингдек, янги қувватлар ҳисобидан юзлаб иш ўринлари яратилади, бюджет тушумлари ва экспорт имкониятлари ортади.

Давлатимиз раҳбари муҳим минераллар соҳаси янги саноат тармоқларини шакллантириш, экспортни кўпайтириш, технологик мустақилликни таъминлаш ва юқори малакали иш ўринлари яратишда катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Мутасаддиларга 2026-2030 йилларга мўлжалланган лойиҳалар ижросини қатъий назорат қилиш бўйича топшириқлар берилди.