“Самарқанддан Парижгача – бир воқеа”

“Самарқанддан Парижгача – бир воқеа”

arvarpvapvap.png 

     Франциядаги “Сauseur” нашри Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Парижга давлат ташрифи муносабати билан “Самарқанддан Парижгача – бир воқеа” сарлавҳали мақола эълон қилди. Ушбу мақолада мамлакатимиз ташқи сиёсати доирасида Европа давлатлари билан алоқа тобора мустаҳкамланаётгани таъкидланган.

     Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги муносабат илдизи XIV асрга тақалади. Амир Темур ва Қирол Карл VI савдо-сотиққа йўналтирилган ҳамкорликка асос солган. Тарихий маълумотлар, турли ёзишмалар шундан далолат беради. Давлатимиз раҳбарининг Европа қитъасига биринчи расмий сафари Францияга уюштирилиши қатор ҳукуматлараро келишувларга йўл очган.

     2018-2023 йиллар оралиғида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар ҳамкорликни чуқурлаштиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Шу билан бирга ташқи ишлар вазирликлари ва парламентлар ўртасидаги алоқалар ҳам жадал ривожланмоқда. Хусусан, Олий Мажлисдаги “Ўзбекистон-Франция” дўстлик гуруҳи ва Франциянинг Марказий Осиё бўйича парламентлараро гуруҳи орқали мунтазам мулоқот олиб борилмоқда.

     Франциянинг Ўзбекистондаги иқтисодий иштироки тобора кўзга ташланмоқда: давлат хизмати (Veolia, Suez, Eiffage), “яшил” энергия (EDF, Total Eren, Voltalia), қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат (Lactalis) каби стратегик соҳаларга ихтисослашган 50 га яқин йирик компания юртимизда муваффақиятли иш олиб боряпти. Ўсиш суръатини Ҳукуматлараро қўшма комиссия, Иқтисодий палата каби механизмлар фаол қўллаб-қувватламоқда.

     Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўзаро товар айирбошлаш сезиларли даражада ўсишига хизмат қилди. Беш йил ичида айни кўрсаткич 5 баробар ошиб, ўтган йил 1,1 миллиард долларга етди. Машинасозлик ва табиий ресурслардан фойдаланиш каби соҳалардаги жорий лойиҳалар 8 миллиард евродан ошади.

      Франция ва Ўзбекистон маданият ва таълим соҳаларида ҳам ташаббусларни кучайтирмоқда. Сўнгги бир неча йил ичида археология, мода, тилшунослик, соғлиқни сақлаш, туризм, спорт соҳаларида 50 дан ортиқ шартнома имзоланди.

      Францияда Абу Али ибн Сино ва Мирзо Улуғбек ҳайкалини ўрнатиш, Рюэй-Мальмезон ва Тулуза “яшил” ҳудудларида “Ўзбек боғи” барпо этиш лойиҳалари ҳам эътиборга лойиқ.

      Лувр ва Араб дунёси институти музейида диёримизга бағишлаб ташкил қилинган кўргазма Франция жамоатчилигининг Марказий Осиё бой маданий меросидан хабардорлигини оширишга хизмат қилди.

      Лувр музейида очилган “Марказий Осиё улуғворлиги. Ўзбекистон карвон йўлларида” ва Араб дунёси институтида ташкил этилган “Кафтанлар ва чопонлар” кўргазмалари ҳам маҳаллий санъат ишқибозларида жиддий қизиқиш уйғотди.

      Лувр йилига бутун дунёдан 10 миллион атрофида сайёҳни қабул қилиши назарда тутилса, мазкур кўргазмаларнинг асл моҳияти яққол намоён бўлади.

 

Францияда Янги Тошкент лойиҳаси тақдимоти ўтказилмоқда

       Франциянинг Канн шаҳрида дунёнинг энг нуфузли кўчмас мулк ва инвестиция форуми – “MIPIM-2025” ўз ишини бошлади. Ушбу нуфузли анжуманда Ўзбекистон илк бор Янги Тошкент лойиҳаси билан иштирок этмоқда.

       Янги Тошкент дирекцияси матбуот хизмати хабарида таъкидланганидек, мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг урбанизация ва барқарор ривожланиш борасидаги амбицияларини халқаро майдонда тақдим этиш учун муҳим имкониятдир.

caocaporcarocaprcapr.jpg

       Маълумот ўрнида айтиш жоизки, MIPIM глобал инвестиция ва шаҳарсозлик майдони бўлиб, 1990 йилдан буён ҳар йили ташкил этиб келинади. Бугунги кунда кўчмас мулк ва шаҳарсозлик соҳасидаги энг йирик тадбирлардан бирига айланган. Бу ерда дунёнинг етакчи инвесторлари, девелопер компаниялари, архитекторлар ва шаҳар бошқаруви мутахассислари ўз лойиҳаларини тақдим этиб, янги бизнес ҳамкорликларини йўлга қўяди.

       “MIPIM-2024”да 90 дан ортиқ давлатдан 21 мингдан зиёд иштирокчи, 2 500 та компания ва 6 минг нафар инвестор қатнашган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткичлар янада ошиши кутилмоқда.

       “MIPIM-2025” доирасида Ўзбекистон делегацияси ҳам махсус ажратилган павильёнда ўз стенди билан иштирок этмоқда. Янги Тошкент шаҳрининг биринчи босқич макети, лойиҳа бўйича батафсил тақдимот материаллари ҳамда шаҳарсозлик режалари намойиш этилмоқда.

       Дарҳақиқат, Янги Тошкент нафақат янги шаҳар, балки Ўзбекистоннинг глобал шаҳарсозлик тенденсияларига мос келувчи илғор лойиҳаларидан биридир. Яъни, ақлли технологиялар, энергия самарадорлиги ва барқарор транспорт тизимлари, яшил ҳудудлар, экологик мувозанат ва атроф-муҳитга минимал таъсир, бизнес ва инновациялар учун замонавий кластерлар, Ўзбекистоннинг очиқ иқтисодий сиёсати ва инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар сингари тамойилларга асосланади.

 

acveracvravpracvpr.jpg

       Шунингдек, “New Tashkent – The Future of Uzbekistanʼs Capital City” мавзусида махсус сессия ташкил этилди. Унда Янги Тошкент дирекцияси вакиллари, халқаро экспертлар ва инвесторлар иштирок этиб, лойиҳанинг асосий жиҳатлари ва ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди.

       “MIPIM-2025” давомида делегациямиз нафақат ўз лойиҳасини тақдим этади, балки хорижий инвесторлар билан учрашувлар ўтказиб, халқаро медиа майдондаги иштирокини кенгайтиради.

       Мазкур халқаро форум Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган қурилиш ва инвестиция салоҳиятини намойиш қилиш ҳамда янги халқаро ҳамкорлик имкониятларини очиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади. “MIPIM-2025” – бу нафақат кўчмас мулк ва шаҳарсозлик соҳаси мутахассислари учун учрашув майдони, балки келажак шаҳарларини яратиш бўйича инновацион ғоялар маркази ҳамдир. Ўзбекистоннинг бу жараёнда фаол иштирок этаётгани эса катта ютуқ.

 carcvaprcaprcaprcaepr.jpg