Самарқанддан бутун ислом оламига чақириқ: ICESCO раҳбари Имом Бухорий меросини ҳимоя қилиш бўйича икки глобал ташаббусни илгари сурди
Самарқанддан бутун ислом оламига чақириқ: ICESCO раҳбари Имом Бухорий меросини ҳимоя қилиш бўйича икки глобал ташаббусни илгари сурди
Самарқанд шаҳрида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасида ўтаётган «Имом ал-Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари – уммат китоби» мавзусидаги халқаро конференцияда Ислом олами таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) Бош директори Сoлим ал-Мoлик буюк муҳаддиснинг жаҳон илм-фани ва ҳадисшунослик тараққиётида тутган беқиёс ўрни, «Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ» асарининг юксак илмий мақоми ҳамда бугунги кунда унинг меросини ҳимоя қилишнинг аҳамиятига алоҳида тўхталди.
– Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий тарихнинг ўзи томонидан эътироф этилган буюк олимдир. У ровийлар тарихи ҳақида махсус асар яратган биринчи олим, шунингдек, ҳадис илмига бағишланган шундай китобни таълиф этдики, у Аллоҳнинг Китобидан кейин Ер юзидаги энг ишончли манба сифатида бутун ислом уммати томонидан қабул қилинди. Бу улуғ мақомга эришиш осон кечмаган. Бунинг ортида йиллаб қилинган машаққатли меҳнат, юксак ирода, чексиз сабр, улкан заковат ва илм йўлидаги беқиёс фидойилик мужассам. У болалигиданоқ илмга чанқоқлиги билан тенгдошларидан ажралиб турган, кейинчалик эса ўн олти йил давомида сафар қилиб, олти юз минг ҳадисни ўрганган, мингдан ортиқ уламолар билан мулоқот қилган ва ислом илм-фани учун беқиёс аҳамиятга эга бўлган асарларни яратган, — деди Сoлим ал-Мoлик.
ICESCO Бош директори Имом Бухорий ҳадис илмида жорий этган танқидий таҳлил, ровийларни баҳолаш, «жарҳ ва таъдил» ҳамда иллатларни аниқлаш каби илмий услублар бугунги замонавий илмий методологиянинг илк пойдеворларидан бири бўлганини таъкидлади. «Биз фахр билан айтишимиз керакки, Имом Бухорий илмда текшириш, таҳлил қилиш ва ҳақиқатни аниқлашнинг мукаммал услубини шакллантирган буюк алломадир. Унинг мероси фақат мусулмонлар учун эмас, балки бутун инсоният учун ишончли илмий тажриба намунасидир», — деди у.
Нотиқ бугунги кунда Имом Бухорий меросига нисбатан турли шубҳалар уйғотишга қаратилган уринишлар илмий асосга эга эмаслигини қайд этар экан, Самарқандда ўтаётган мазкур халқаро конференция ана шундай асоссиз даъволарга муносиб илмий жавоб бўлишини таъкидлади.
– Ўзбекистон ва ICESCO томонидан ташкил этилган ушбу тарихий конференция оддий тантана эмас. Бу — Имом Бухорийнинг буюк меросини ҳимоя қилиш, мусулмонларнинг маънавий ўзлиги ва цивилизацион меросини асраб-авайлаш йўлидаги юксак масъулият ифодасидир. Бугунги анжуман ҳақиқатни илм билан ҳимоя қилишнинг ёрқин намунаси бўлади, — деди Сoлим ал-Мoлик.
ICESCO Бош директори ўз чиқишида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида икки муҳим ташаббусни илгари сурди.
«Биринчидан, ҳадиси шарифга бағишланган халқаро илмий конференцияни ҳар йили турли ислом мамлакатларида муайян мавзуда мунтазам ўтказишни таклиф этаман.
Иккинчидан, ҳадис илмини ривожлантириш ва ушбу соҳадаги илмий тадқиқотларни рағбатлантириш мақсадида ҳар йили нуфузли халқаро мукофот таъсис этишни таклиф қиламан, — деди у.
Сoлим ал-Мoлик шунингдек, ўз чиқишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Имом Бухорий меросини чуқур ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб қилишга қаратилган ташаббусларини юксак баҳолади.
– Мен Ўзбекистон раҳбариятига, хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев жанобларига ушбу халқаро конференцияни ташкил этиш ташаббуси учун чуқур миннатдорлик билдираман. Икки йил аввал у киши билан учрашганимда Имом Бухорийга бағишланган халқаро конференция ўтказиш орзуси ҳақида гапирган эдилар. Бугун ана шу эзгу ният Самарқанд заминида рўёбга чиққанини кўриб турганимиз барчамиз учун катта қувончдир, — деди у.





